Қорақалпоғистон – янгиланишлар ўлкаси
Сўнгги йилларда Президентимизнинг раҳбарлигида халқимизнинг бугунги турмушидан розилигини таъминлаш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, муаммоларига тизимли ечим топиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун охирги ўн йилдаги ислоҳотларга назар солар эканмиз, фақат ўзгаришларни эмас, балки янгиланишни, тараққиётни, ҳаётга бўлган ёндашувдаги туб бурилишни кўрамиз. Шундай ислоҳотлар бўлдики, улар фақат тизимни эмас, тафаккурни ҳам ўзгартирди. Бугунги кундаги юртимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёти ўн йил аввалги ҳолат билан солиштирилса, тубдан фарқ борлиги аён бўлади. Халқнинг давлатга, жамиятга, эртанги кунга муносабати бутунлай янгича мазмун касб этмоқда. Бунинг замирида Президентимизнинг “Инсон қадри учун” ғояси турибди. Кенг кўламли ислоҳотлар марказида айнан инсон, унинг шаъни, ғурури ва эркин яшаш ҳуқуқи туради.
Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасидаги улкан ўзгаришлар ҳар бир юртдошимизнинг қалбига ғурур ва ифтихор бағишламоқда. Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган доимий эътибори, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган аниқ мақсадли дастурлар, халқнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Биз учун Қорақалпоғистон ютуғи – Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши бу − бутун Ўзбекистон ташвиши”, деган гаплари ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.

Президентимизнинг 2016 йилдаги “Маданиятни Мўйноқдан бошлаймиз!” деган чақириғи ҳозир амалда намоён бўлиб турибди. Мўйноқ бамисоли қайтадан қурилди. Оролнинг қуриган қисмида 2 миллион гектардан зиёд яшил майдон пайдо бўлди. Янгидан Тахиатош, Бўзатов туманлари ташкил этилди. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти туманларни ижтимоий−иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида бириктирилди ва бунинг самарасини халқимиз ҳис қилмоқда.
Қорақалпоғистон “яшил” энергетика, аграр соҳада ишлаб чиқариш ва туризм марказига айланмоқда. Сўнгги йилларда 860 мегаваттли янги қувватлар ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакда шамол станциялари қурилиши ҳисобига “яшил” энергия улуши 23 фоизга етди. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этди. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб уч баробар кўп.
Умуман, 2030 йилгача жами 3 минг 300 мегаваттли шамол станциялари ишга туширилиб, “яшил” энергия улуши 76 фоизга етказилади, 400 Мега-ваттли энергия сақлаш қуввати яратилади. “Яшил” энергияни “карбон кредит”га айлантириш орқали йилига 50-100 миллион доллар даромад олиш имконияти бор. Олдимизга бир ойда ушбу механизмни йўлга қўйиш ва йирик импортёр давлатлар билан музокаралар ўтказиш вазифаси қўйилди. Экспортдан тушадиган маблағлар инфратузилмага ажратилаётган ресурсларга қўшимча бўлиб, Қорақалпоғистоннинг ўзида қолади. Йил якунигача Оролнинг 50 минг гектарида “Ўрмон карбон кредити” дастури бошланади.
Қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, аввало, сув йўқотишларини камайтиришга боғлиқ. Ҳудуддаги 417 минг гектарни суғоришга 5 миллиард 700 миллион куб метр сув сарфланмоқда. Йўқотишлар 2 миллиард 100 миллион куб метрни, яъни 38 фоизни ташкил этмоқда. Шу боис Тўрткўлдаги “Ёнбош” ва Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналларини бетонлаш, сув иншоотлари ва артезиан қудуқлар қуришга 135 миллиард сўм ажратилиши эътиборга молик.
Чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш учун фойдаланилмаётган яйлов ва ерлар ўзлаштирилади. Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда 2 минг гектар ер тикланмоқда, келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бўзатовда 7,5 минг гектарни озуқага мослаштиришга 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқабоп экинлар етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия берилади. Йирик чорва комплекслари учун кредит миқдорини 50 миллиард сўмгача ошириш таклифи қўллаб-қувватланди. Самолётда олиб келинадиган наслли буқалар қийматининг 10 фоизи, ҳар бир бош учун 4 миллион сўмгача субсидия қилинади. Тахтакўпирда Шинжон тажрибаси асосида озуқа етиштириш ташкил этилиб, хориждан 5 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Йил якунигача 10-15 минг гектарда лойиҳаларни шакллантириб, бир йилда 100 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш белгиланди. “Кегейли наслли парранда” корхонаси қувватини 2-3 карра ошириб, холдингга айлантириш, техникумда паррандачилик курслари очиш топширилди.
Инсон манфаатларини кўзлаган бундай лойиҳалар Қорақалпоғистон тарихида ҳеч қачон кузатилмаган. Келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектарда қовун етиштириш бошланиши ҳам бизни қувонтирди. Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан энг яхши навлар ва мутахассислар жалб этилиб, қайта ишлаш ҳамда экспорт билан шуғулланадиган холдинг ташкил қилиниши ҳаёлимизга ҳам келмаганди. Бу борада тумандаги техникум лаборатория ва синов полигони билан таъминланиб, қовунчилик бўйича тажриба алмашиш методик марказига айлантирилади.
Аҳоли учун қулай шаҳар ва маҳалла муҳити яратиладиган бўлди. Нукуснинг “Ашшикўл” ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган “Нукус сити” қурилиши бошланди. 270 гектарда энергия тежамкор бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари, яшил хиёбонлар барпо этилади.
Аҳоли саломатлигини сақлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Нукусда жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда, Оролбўйи болалар шифохонасида 150 турдаги замонавий хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йил мураккаб йўналишларда 1,5 мингта жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Тиббий суғурта жорий этилиб, муассасаларга 10 миллион долларлик жиҳозлар олиб берилди. Нукус тиббиёт илмий академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ва янги кўп тармоқли шифохона бирлаштирилиб, Университет тиббий кластери ташкил қилинади. Мўйноққа келиб ишлаётган шифокорларга берилаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади.
Бугун Қорақалпоғистонда мажбурий меҳнат тарихга айланди. Деҳқон ерга эгалик қилади, фермер ҳосилини ўзи сотади. Бу шунчаки, қоғоздаги ислоҳот эмас, балки инсон шаънининг тикланишидир. Президентимизнинг “Бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир!” деган сўзлари бутун Қорақалпоқ халқи қатори мени ҳам тўлқинлантириб юборди. Мен шу қорақалпоқ заминининг бир фарзанди сифатида тан олиб айтишим керакки, республика ривожига, унинг муаммолари ечимига ҳеч қачон бугунгидек эътибор қаратилмаган.
Минг афсуслар бўлсинки, Орол денгизининг қуриши бизга жуда қимматга тушди ва ҳамон бунинг ортидан келаётган азиятлар давом этяпти. Ваҳоланки, яшаётган маҳалламиз ёки қишлоғимиздаги кичкинагина ариқдан сув оқмай қолса, қанчалар ташвишга тушамиз. Бу ариқ ўрнида денгиз бўлса-чи, ташвишимиз минг чандон ошади. Уни асраб қолишдаги чорасизлик эса ундан ҳам ёмон. Сув – бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Бугунимиз, эртамиз мана шу оби-ҳаётга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари халқнинг айни масаладаги дардини ҳис қила билди, фожиа кўламини камайтиришга бел боғлади. Айниқса, Қорақалпоғистонинг энг оғир нуқтаси – Мўйноққа ҳаёт қайтарилди.
1990 йиллар бошида Орол денгизининг тобора камайиб, туман саноатининг юраги бўлмиш балиқ консерва заводи буткул ёпилган ва ишсизлик авж олган эди. Аҳоли уйларини ташлаб, Нукус, Қўнғирот ва бошқа шаҳарларга бош олиб кетишга мажбур бўлди. Чанг-туз бўронлари сони ва зарар кўламининг кескин ортиши оқибатида кўз, ошқозон-ичак тракти, тери касалликлари сингари хасталиклар тез-тез учрайдиган бўлиб қолганди. Ерости сувлари даражаси пасайиб, ҳудуднинг чўлланиш жараёни тезлашганди. Бутун бошли улкан бандаргоҳ катта-кичик кемалар қабристонига айланганди...
Бугун Президентимизнинг куйинчаклиги, фидойилиги, ғамхўрлиги ва саъй-ҳаракатлари билан Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш, янада аниқ айтсак, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтларига эътибор, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш сингари долзарб масалалар ечимига улкан эътибор қаратилмоқда.
Мўйноқ шаҳрини мутлақо янгидан тиклашга, саноат корхоналари, кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш бинолари, мактаблар, таълим муассасалари ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга катта куч сафарбар қилинди. 2018 йилнинг декабрь ойларидан бошлаб денгизнинг қуриган ҳудудида ўрмон барпо этишга киришилди. Мазкур ишга Орол бўйидаги барча ўрмон хўжаликлари, минг нафардан зиёд мутахассис ишчилар жалб қилинди. Шу ернинг ўзида яшаш учун барча шароитлар ҳозирланди. Яшил ўрмонлар яратиш учун катта техника жалб қилинди. Айни пайтда аҳоли Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишларида астойдил меҳнат қилмоқда ва бунинг натижалари кўзга ташланмоқда.
2020 йил 12 февралда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган ― My garden in the Aral Sea‖ (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Марказий Осиёдаги энг йирик электрон мусиқий фестивалнинг ўтказилиши, Саҳродаги Лувр музейининг дунёга машҳур авангард тўплами, тунги осмоннинг энг қоронғи зонаси ва унинг остида жойлашган ўтовлар мажмуаси бугун туристлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Қорақалпоғистонга бугун “Орол денгизининг ватани” дея алоҳида таъриф берилгани ҳам бежиз эмас.
Президентимиз 2016 йил 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида юксак ҳурмат ва чуқур самимият билан: “Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман!”, деб таъкидлаганди. Ваъда амалга кўчди. Ҳар бир шаҳар ва туманга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борилди.
Бу ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дарди эшитилди, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилди ва ижроси қатъий назоратга олинди. Яқин пайтларгача ўз ҳолига ташлаб қўйилган Қорақалпоғистон имкониятлар ўлкасига айланди. Ҳудуднинг энг катта ютуғи - аҳолининг келажакка ишончи уйғонди.
Аманбай Оринбаев,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси раиси
ЎзА