Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Беруний туманидаги “Холмуратов Қадирберган” фермер хўжалигининг 2 гектар майдонида интенсив усулда боғ яратиш ишлари бошланди.
Ушбу дала майдонида амалий ўқув-семинар ташкил этилиб, унда мевали боғларни яратиш, кўчатларни экиш, агротехник талаблар асосида парвариш қилиш ва келгусида юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Беруний туманида 2026 йил давомида 100 гектар майдонда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Шундан баҳор фаслида 73 га майдонда боғ ва токзор барпо этилган бўлса, куз мавсумида яна 27 га майдонда интенсив боғ ва токзор барпо этиш режа қилинган. Туманда мавжуд 620 га боғ ва 99 га токзорда агротехника тадбирлари бошланди.
Бундай амалий чора-тадбирлар фермер хўжаликларида боғдорчиликни ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва мевали боғлар майдонини кенгайтиришга хизмат қилади.
***
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17 июлдаги “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2025-2026 йиллар давомида Тахтакўпир туманига Мўғулистон давлатидан олиб келинган 7 минг бошдан ортиқ наслли қўй парваришланмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2026 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан “Олмос чорва” фермер хўжалиги томонидан 312 бош қўй олиб келинди. Айни пайтда хўжаликда қўйларни боқиш, озиқлантириш ва белгиланган тартибда боқиш ишлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳа туманда чорвачилик салоҳиятини ошириш, қўйчилик тармоғини кенгайтириш, наслли чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга қаратилган.
***
Тахиатош тумани “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тошовул” аҳоли пунктида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари доирасида 4,5 километр узунликдаги ички йўллар тўлиқ асфалтланди.

Ушбу ишлар Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокидаги “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
“Тошовул” аҳоли пункти фуқаролари учун йилнинг тўрт фаслида ҳам хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имконияти яратилди. Бу эса ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга хизмат қилади.
***
Мўйноқ тумани “Орол” маҳалла фуқаролар йиғинида “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлашда миллий қадриятларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, садоқат ва масъулият каби эзгу фазилатларни мустаҳкамлашда миллий қадриятларимизнинг ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида оилавий тотувликни асраш, ёш авлодни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат кўрсатиш каби қадриятларни кундалик ҳаётда кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири