Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Қонликўл тумани “Жанақалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Есбосинов Рашид” фермер хўжалиги ғалла майдонида жорий йил ҳосили учун ғалла ўрим-йиғим ишларини тез ва самарали ўтказишга бағишланган амалий кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда мутасадди ташкилотлар, фермерлар ва соҳа мутахассислари иштирокида ўрим-йиғим техникасидан самарали фойдаланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, донни қабул қилиш ва ташиш ишларини тизимли ташкил этиш масалалари белгиланди.
Жорий йилда туманда 132 та фермер хўжалиги томонидан 4 минг 200 гектар майдонда жами 9 минг тоннадан зиёд буғдой етиштириш режалаштирилган.

***
ЎзЛиДеП Тахиатош туман Кенгаши томонидан хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш мақсадида туманнинг бир қатор маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида “Маҳалланинг ишбилармон аёли” танлови бўлиб ўтди.
Танлов доирасида иштирокчилар ўз бизнес лойиҳалари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва эришган натижаларини намойиш этиб, тадбиркорлик соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.
Жумладан, Нурли келажак маҳалласида тикувчилик соҳасида фаолият юритиб келаётган Гулмира Сапарова, Кенегес маҳалласида қуроқ кўрпача тикиш билан шуғулланувчи Дилбар Турсинова, Шамчироқ маҳалласида гиламчилик йўналишида меҳнат қилаётган Мунира Жаксибаева, “Найманкўл” овул фуқаролар йиғинида кондитерлик маҳсулотлари ишлаб чиқараётган Зуҳра Қаллиқулова ҳамда “Сарайкўл” овул фуқаролар йиғинида нон ва нон маҳсулотлари тайёрлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган Назира Юсупова ўз маҳсулотлари ва фаолият йўналишларини кенг жамоатчиликка тақдим этдилар.

***
Беруний тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли хонадонлари ва томорқаларидаги мевали боғ ҳамда узумзорларда агротехник тадбирлар, зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш, уларнинг профилактик равишда олдини олиш, ҳосилдорлиги мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Беруний туман лойиҳа офиси бош мутахассиси томонидан ташкил этилган семинарда маҳалла фаоллари билан биргаликда “Ифода” компанияси, “АКИС” ташкилоти ва соҳа мутахассислари, тажрибали боғбонлар иштирок этди. Улар ўзларининг кўп йиллик тажрибалари, соҳадаги энг охирги муҳим янгиликлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган керакли химиявий ва органик препаратлар, уғитлар ҳақида маълумот бердилар.
Тадбирда аҳоли хонадонлари ва томорқаларидаги мевали боғ, узумзорларда агротехник тадбирлар ўтказилиши, касалликлар ва зараркунандаларга қарши биргаликда кураш олиб боришга келишиб олинди.

***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда минерал ўғитларни талон-торож қилиниши фош этилди.
Жумладан, “E.V.” масъулияти чекланган жамиятнинг масъул шахслари “M.Ch.” акциядорлик жамияти билан тузилган шартномага асосан, сақловга қабул қилинган 4,3 миллиард сўмлик 1 минг 473 тонна аммиакли селитра ва 790,6 миллион сўмлик 276 тонна аммоний сульфат минерал ўғитларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.