Қоракўлда рақамли келажак сари муҳим қадам
Бугун дунёда тараққиёт суръатини технология белгилаётган бир пайтда мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва касбларга йўналтириш, рақамли иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида барпо этилаётган замонавий олий таълим маскани эса ана шу эзгу мақсаднинг ҳудуддаги амалий ифодаси бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Acharya Institute of Technology — Uzbekistan Campus фаолияти билан танишиб, таълим муассасасида амалга оширилаётган ишлар, янги ўқув мажмуаси қурилишининг якуний босқичи ҳамда ёшлар учун яратилаётган имкониятларни кўздан кечирди.
Мазкур ташриф мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT соҳасида халқаро талабларга жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш ва ёшларни замонавий касбларга кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳудудлардаги натижадорлигини яна бир бор намоён этди. Ташриф давомида янги ўқув мажмуасидаги қурилиш ишларининг якуний босқичга киргани кўздан кечирилди.
Замонавий архитектура ва илғор таълим инфратузилмаси асосида барпо этилаётган мазкур мажмуа Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ёшлар учун замонавий, кўркам ва юқори таълим стандартларига мос олий таълим маскани сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйиши режалаштирилган. Бу ерда яратилаётган шароитларнинг аҳамияти фақат янги бино билан ўлчанмайди. Зеро, замонавий кампус — бу билим, технология, илмий изланиш, инновация ва тадбиркорлик бир нуқтада уйғунлашадиган янги авлод таълим муҳитини шакллантириш учун муҳим пойдевордир.
Янги кампуснинг фаолияти Бухоро вилоятида IT соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, ёшларни рақамли касбларга жалб этиш ва ҳудудда замонавий технологик экотизимни шакллантиришда муҳим ўрин тутиши кутилмоқда.
Бугун ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис замонавий таълимнинг асосий вазифаси ёшларга фақат назарий билим бериш билан чекланмасдан, уларни реал меҳнат бозорига тайёрлашдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, таълим жараёнини амалиёт билан уйғунлаштириш, талабаларни ҳақиқий лойиҳаларга жалб этиш, халқаро IT компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ёндашув ёшларга диплом эмас, аввало, касб, тажриба ва рақобатбардошлик беришга хизмат қилади.
Таълим муассасасини Бухоро вилоятида шаклланаётган IT кластерининг муҳим бўғинига айлантириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга эътиборни янада кучайтириш ҳамда университет, IT компаниялар, стартаплар ва технологик ҳамжамият ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича масъулларга қўшимча тавсиялар берилди.
Муҳим вазифалардан яна бири — IT таълимининг қамровини кенгайтириш. Шу мақсадда кўпроқ ёшларни рақамли технологияларга жалб қилиш, мактаб ўқувчилари ва талабалар учун қўшимча рақамли таълим дастурларини йўлга қўйиш, уларнинг дастурлаш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотлар таҳлили ва бошқа истиқболли йўналишлардаги билим ҳамда кўникмаларини ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Бундай ёндашув айниқса ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очади. Илгари фақат йирик шаҳарларда мавжуд бўлган замонавий IT таълими ва технологик муҳитнинг вилоятларда ҳам шаклланиши ёшларнинг ўз ҳудудида туриб, жаҳон бозори учун рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишига замин яратади.
Университет базасида стартап лабораторияларини ташкил этиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш дастурларини ривожлантириш, менторлик ва акселерация механизмларини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларнинг ғояларини лойиҳага айлантириш, стартапларни инвестиция билан таъминлаш ва истиқболли ишланмаларни халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Зеро, бугунги ёшнинг ғояси эртанги йирик компанияга, бугунги стартап эса келажакда мамлакат иқтисодиётига катта қиймат қўшадиган технологик маҳсулотга айланиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири