Қоракўлда эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокимлиги ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ҳудуддаги ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан доимий хабар олиниб, уларга мунтазам моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.
Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров масъуллар билан биргаликда имконияти чекланган бир гуруҳ фуқаролар ҳолидан хабар олди. Жумладан, Полвонлар маҳалласида яшовчи Камолиддин Равшанов, мироблик Шерзод Эргашев, шакарбеклик Гулноз Тангриева, Янгизамон маҳалласида истиқомат қилаётган Раҳмат Чориев, Хўжакон қишлоғилик Умарқул Тоғаевларнинг хонадонларига йўқлов ташкиллаштирилди. Жисмоний имконияти чекланган ҳамюртларимизга ногиронлик аравачалари етказиб берилгани улар ва оила аъзоларини жуда хурсанд қилди.

Марказ ходимлари жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқаролардан Тайқир маҳалласида истиқомат қилувчи Ғайбулло Қурбонов ва Наргиза Рўзиеваларга, шунингдек, Янгитурмуш маҳалласида яшовчи Азимжон Аҳмедов ва Солур қишлоғида истиқомат қилаётган Зулайҳо Отамуродоваларнинг уйига бориб, уларга ўзлари истаган, қўл билан енгил бошқариладиган электрон ногиронлик аравачаларини топширди.

–Давлатимизнинг доимо эътиборидамиз, –дейди Янгитурмуш маҳалласида яшовчи Азимжон Аҳмедов. –Барча имкониятлардан фойдаланиб турибмиз. Муаммолар ўз вақтида ечим топмоқда. Ҳолимиздан хабар оладиган инсонлар бор. Ҳатто раҳбарлар ҳам келиб биздан хабар олиб турибди.
Ўз навбатида, ижтимоий муҳофазага олинган отахону онахонлар талаб ва эҳтиёжлари қондирилгани, юртимизда ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда эмаслигидан мамнун бўлиб, савобталаб саъй-ҳаракат бошида турганларни дуо қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири