Қорағуппа – мебелчилар маҳалласи
Президент ташрифидан сўнг
Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан учрашиб, ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди.
Мазкур учрашув чоғида Пастдарғом тумани ҳокими Ш.Худойбердиев Президентимизга мурожаат қилиб, аҳолиси асоан мебелчилик билан шуғулланадиган Қорағуппа қишлоғида кичик саноат зонаси ташкил этишда ёрдам сўраган эди. Давлатимиз раҳбари, маҳаллалардаги бундай имкониятлардан самарали фойдаланиш, аҳолинининг бандлигини таъминлашда бу муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, албатта, масала ижобий ҳал этилишини билдирганди.
Шу йилнинг 21 июнь куни Президентимиз томонидан “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Унга кўра, мамлакатимизнинг барча вилоятларида, жумладан, Самарқандда ҳам Пастдарғом туманининг Қорағуппа маҳалласида кластер усулида мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил этиладиган бўлди. Бунинг учун 2,5 гектар ер ажратилиши белгиланди.
– Маҳалламизда 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди Қорағуппа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Шарипов. – Корхона-ташкилотларда ишлайдиганлар ҳам бор, лекин кўпчилик уй шароитида касаначилик, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва тадбиркорликнинг бошқа соҳалари билан шуғулланади. Айниқса, мебель ишлаб чиқарувчилар жуда кўп. Дастлаб, уч-тўрт нафар усталаримиз шу фаолият билан шуғулланиб, ёнига ўзининг қариндош-уруғини олиб, яхши даромад қила бошлади. Кейин уларнинг қаторига қўни-қўшнилар кирди, хонадонларда кичик цехлар пайдо бўлди. Ҳозир маҳалламизда 70 дан ортиқ мебель ясовчи уста бор. Уларнинг ҳар бири 5-10 нафардан ёшларга шу касбни ўргатмоқда. Хонадонлар торлик қилиб, каттароқ цехларга эҳтиёж сезилаётганди. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан маҳалласида мебелсозлик бўйича кичик саноат зонаси ташкил этиладиган бўлади. Шу пайтгача тадбиркорлар уй шароитида кичик устахонада мебель ясаётган бўлса, эндиликда ўз ишлаб чиқариш цехларида фаолиятни давом эттириш имконияти яратилди. Бу ҳам ёшларимизнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириб, аҳоли даромадлари ортишига хизмат қилади. Асосийси, ишсизлик муаммоси бартараф этилди. Бандлик даражаси юқори бўлгани учун маҳалламизда кам таъминланган оилалар деярли қолмади, ажримлар кескин камайди.
Шу маҳаллада яшовчи Жўрабек Ҳасанов мебель билан шуғулланишни савдо-сотиқдан бошлаган. Кейин эса ўзи шу ҳунарни ўрганиб, бу ишни тадбиркорлик даражасига кўтарди.
– Бозорда мебель олди-соттиси билан шуғуланиб юриб, “нега шу ишни мен қилолмас эканман?” деб ўзимига савол бердим ва олдимга қатъий мақсад қўйиб, 4-5 беш йил устага шогирд тушдиму ҳунар ўргандим, – дейди уста тадбиркор Жўрабек Ҳасанов. – Ёғочни маҳаллий бозордан, қоплама матоларини Тошкент шаҳри орқали Хитойдан оламиз. Ҳозир уйдаги цехда буюртма асосида ҳафтасига 2-3 тадан мебель ясаймиз. Харидорларнинг ўзлари келиб олиб кетишади. Бундан ташқари, бозорга ҳам маҳсулот чиқарамиз. Ёшларни ёнимга олиб, ҳунар ўргатяпман. Маҳалламизда мебелчилик кичик саноат зонаси ташкил этилишини эшитиб, хурсанд бўлдим. Биз ҳам бу саноат зонасига қўшилиб, кенгроқ жойда фаолиятимизни давом эттирамиз.
Қарорга кўра, кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонлари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади ва уларга эгалик қилишнинг мажбурий шарти мебель ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш ҳисобланади. Кичик саноат зоналарининг счимлик суви, оқова сув тармоқларини ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари давлат томонидан амалга оширилади. Шунингдек, электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари таъминотчи корхоналар маблағлари ҳисобидан бажарилади. Бундан ташқари, мебель ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларга ҳам бир қатор имтиёз ва енгилликлар бериляптики, бу мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун жуда катта имкониятдир.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА