Қора уйдан кенг дунёга боққан адиб
Пойтахтимиздаги сўлим Адиблар хиёбонида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов ҳақидаги «Қора уйдан кенг дунёга» ҳужжатли фильми кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Киношунос олимлар, шоир-ёзувчилар, Тўлепберген Қайипбергеновнинг яқин қариндошлари иштирокидаги тадбирда Кинематография агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Тошкент давлат аграр университети раҳбарлари ва бошқалар сўзга чиқиб, фильмнинг суратга олиш ишлари ҳақида гапирди. Т. Қаипбергеновнинг ибратли ҳаёт йўли, бой маънавий меросига тўхталди.
Кинокартина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Қорақалпоқфилм» студияси ҳамда Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда суратга олинган.
Картина Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда олаётган «Халқ юраги» туркумидаги 24 нафар адибга бағишланган фильмлардан бири ҳисобланиб, унда Тўлепберген Қайипбергеновнинг машаққатли ҳаёт йўли акс этган.
Сценарий муаллифи Бахтияр Мадияров, постановкачи режиссёр Баутдин Баймирзаев,постановкачи оператор Асенбай Асқаров. Картинада Фарит Узақбергенов, Базарбой Узақбергенов, Давирхан Ембергенов, Айбек Шавдурбаев, Айсултан Шарипова, Сарбиназ Хабипова кабилар роллар ижро этган.
– 30 дақиқалик ҳужжатли фильмда кўп нарсани акс эттира олмаслигимиз табиий ҳол, –- дейди сценарий муаллифи Бахтияр Мадияров. – Имкон қадар картинада адиб ҳаётини тўлиқ қамраб олишга ҳаракат қилдик. Унинг туғилишидан тортиб, ижоди, умр йўли, авлодлари фаолиятини ҳам кўрсатишга интилдик. Унинг қорақалпоқ адабиётида алоҳида ўрин тутадиган асарларидан парчалар келтиришга ҳаркат қилдик. Мен ўйлайман, адиб ҳаёти яхши, кенг қамровли туркум бадиий фильм ишлашга арзийди. Ана шундай имкон туғилса, мен яна Тўлепберген Қайипбергенов фаолияти ҳақида сценарий ёзишга тайёрман.
Картина қорақалпоқ диёрида бир йиғлоқи йигит туғилиши билан бошланади. Шинам ўтов, кенг дала, бепоён чўлда униб-ўсган, замин боболарига достон-ўланлар ўқиб берган бола достонни ким ёзган экан, қанийди мен ҳам достон ёзсам, дея орзу қилади... Орадан кўп вақтлар ўтади. Бола Тўлепберген улғаяди. Камол топади. Ҳужжатли фильмда архив кадрлардан, ҳужжатлар ва хотиралардан унумли фойдаланилган. Унда Т. Қаипбергеновнинг машаққатли даврда яшаб ўтгани, қорақалпоқ тарихини яратишдаги улкан ҳиссасига алоҳида эътибор қилинган. Картинада адибнинг жамиятда ўз ўрнига эга зиёли фарзандларининг фаолияти ҳам акс этган. Улар отасидан олган тарбиясини оқлаб келмоқда.
– Отам бутун умрини ижодга, қорақалпоқ халқини улуғлашга бағишлади, – дейди Адилбек Қаипбергенов. – Унинг туғилиб ўсган юртини севиши, халқини улуғлаши кўплар томонидан эътироф этилган. Чингиз Айтматовдек буюк ёзувчи отамга сен халқингни юксакларга кўтарувчи асарлар ёза олдинг, сенга ҳавас қиламан, деган. Яна бир нарсани айтишни жоиз топаман, отамнинг ўзбек ижодкорлари орасига кенгроқ кириб боришида таниқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг ўрни бетакрор. Отам ҳаёти акс этган ҳужжатли фильм томошабинларда қорақалпоқнинг шундай инсони ўтган эканда, деган қизиқиш, асарларини ўқишга иштиёқ уйғотса, ажаб эмас.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Орипов, Ғафур Ғулом, Огаҳий, Ибройим Юсуповлар ҳаёт йўлига бағишланган ҳужжатли фильмлар премьераси бўлиб ўтди. 29 сентябрга қадар Чўлпон, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон, Александр Файнберг, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова, Зулфия ва бошқа адиблар ҳақидаги фильмлар намойиши бўлади.



Д. Маматова, ЎзА