Қўқонда янгитдан аэропорт қурилмоқда (+видео)
Халқимизда оққан дарё оқаверади, деган ҳикматли сўз бор. Қўқонликлар бугунги кунни узоқ кутдилар. Ниҳоят ўша кун келди. Бугун Қўқондаги собиқ аэропорт ўрнида узоқ масофаларга ҳам учадиган лайнерларни қабул қила оладиган янги, замонавий аэропорт қурилиши давом этяпти. Бу ерга барча турдаги қудратли техник воситалар ва вилоятнинг энг малакали қурувчилари жалб этилган.
Биринчи босқичда асос мустаҳкамлиги халқаро талабларга жавоб берадиган учиш-қўниш йўлаги бунёд этилади. Лойиҳа ишлари, экспертиза хулосалари асосида ҳар бир сантиметр зичлиги алоҳида назоратда. Ахир келгусида унга халқаро аэропорт мақоми бериш кўзланган. Бу аҳоли учун қулай шароит ҳамда Тошкент аэропорти “юки”ни енгиллаштирувчи восита ҳамдир.

–Ҳозирги кунда мавжуд қопламани кўчириб, йўл асосини текислаб уни мустаҳкамлаш ишларини олиб боряпмиз, – дейди Фарғона йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси иш юритувчиси Беҳзод Камолиддинов. – 270 дан ортиқ техника ва 300 дан зиёд ишчи мутахассислар меҳнат қиляпти. Учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2000, эни 45 метр. Ҳаво яхши бўлса, февраль ойидан қоплама ётқишиз ишларини бошлаймиз.

Аслида бу ноёб объект қурувчилар учун ҳам катта синов. Улар бор маҳорат ва малакаларини ишга солиб ҳаракат қилишмоқда.
–Бу йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва учириш зали. Бу ерда ҳам лойиҳа асосида қурилиш олиб боряпти, – дейди Беҳзод Камолиддинов. –Учиш-қўниш йўлагида бошланишдан охиригача 70 фоиз ишлар якунланди. Режамиз 1-февралгача аэродромнинг ер ишларини тугаллаш.

Бу ерда эса янги терминал қад ростлаяпти. Унда йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш, кутиб олиш, юк чиқариш каби мажбурий бўлимлардан ташқари хизмат кўрсатишнинг бир неча турларигача бўлади.
Туркияга кетяпман, ҳа, ўзимизнинг Қўқондан учаман, деган сўзларни эшитадиган кунлар яқин қолди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/kOUr4Qj6IKk?si=JYbQJThQvy9zFFiq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА