Қўқон давлат университетида 400 ўринли замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Талабалар турар жойи билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар доирасида яна бир янги иншоот фойдаланишга топширилди.
400 ўринли замонавий мажмуа давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган бўлиб, унда ёшларнинг яшаши ва таълим олиши учун зарур шароитлар яратилган.
Мазкур иншоотнинг ишга туширилиши университетда талаба-ёшлар учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, уларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишларнинг муҳим давоми бўлди.
Талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбирда олий таълим тизими мутасаддилари, вилоят ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши ва замонавий билимларни эгаллаши билан бир қаторда, улар учун қулай ва муносиб яшаш шароитларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.
Хусусан, олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, мавжуд ётоқхоналарни таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Қўқон давлат университетида янги талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. 400 ўринли замонавий мажмуа давлат-хусусий шериклик тамойили асосида бунёд этилган бўлиб, талабаларнинг кундалик эҳтиёжлари, таълим олиши ва дам олиши учун зарур шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган.
Янги бинода талабалар учун қулай ётоқ хоналари билан бир қаторда, машғулотларга тайёргарлик кўриш, мустақил таълим билан шуғулланиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун зарур ҳудудлар ҳам ташкил этилган. Хоналар замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминланган.

Талабалар турар жойида умумий фойдаланиш учун мўлжалланган маиший ва санитария хоналари, ошхона, дам олиш ҳамда ўқув ҳудудлари мавжуд. Ошхона ва бошқа маиший хоналар замонавий техник воситалар билан жиҳозланган.
Бинода хавфсизлик ва санитария-гигиена талабларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Талабалар учун хавфсиз, озода ва осойишта муҳит яратишга хизмат қилувчи зарур инфратузилма шакллантирилган.
Тантанали маросим давомида янги талабалар турар жойининг рамзий калити университет раҳбариятига топширилди. Тадбир иштирокчилари янги бинонинг фойдаланишга топширилишини университет ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида баҳолаб, мазкур маскан ёшларнинг таълим олиши ва келажакдаги касбий фаолиятига тайёргарлик кўришида муносиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Шундан сўнг меҳмонлар талабалар турар жойидаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ётоқ хоналари, ўқув ва дам олиш ҳудудлари, ошхона, ювиниш ҳамда бошқа маиший хоналар кўздан кечирилди.
Бугунги кунда Қўқон давлат университетида талабалар учун муносиб ижтимоий шароитлар яратиш, уларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қоплаш ва таълим олиши учун қулай муҳитни шакллантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Янги 400 ўринли талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаларидан биридир.
Мазкур иншоот талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, вақтини самарали ташкил этиш ва таълим жараёнидаги фаоллигини оширишга хизмат қилади. Қулай ва замонавий яшаш муҳити эса уларнинг ўз устида ишлаши, илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиши ҳамда янги ғояларни амалга ошириши учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА