Қонунлар мазмун-моҳияти тарғиб этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатида доимий асосда ишловчи, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов иштирокида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида депутатлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари иштирокида Андижон вилояти ҳокимлигида дастлабки учрашув бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати томонидан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларига оид кўплаб қонунлар қабул қилинаётганлиги, мазкур ҳужжатлар ўз йўналишидаги ишларни тартибга солиш билан бирга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, юртимиз тараққиётини ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Семинар тарзида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги ҳамда бошқа қатор қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида сўз юритилди.
– Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун билан инвестиция ҳажмига кўра кичик, ўрта, йирик стратегик инвестиция лойиҳаларига имтиёзлар бериш кўзда тутилган, – дейди Қутбидин Бурхонов. – Шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар доираси кенгайтирилди. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада устав фондининг чет эл инвестицияларини ташкил этиши лозимлиги тўғрисидаги миқдори 15 фоиздан 10 фоизга туширилди.
Мазкур қонунга асосан маҳаллий ва хорижий инвесторларга “ягона дарча” тизими орқали ваколатли давлат органига инвестиция таклифлари билан мурожаат қилиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, уларга нисбатан адолатли ва тенг ҳуқуқли тарзда муносабатда бўлиш, уларнинг кафолат, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тамойиллари белгилаб қўйилди.
Сенат қўмитаси раиси ҳар бир қонун, қонунлардаги муҳим жиҳатлар хусусида иштирокчиларга маълумотлар берди.
Иштирокчилар янги қонунлар мазмун-моҳияти, уларни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга сенатордан батафсил жавоб олди. Мазкур йўналишдаги ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича таклиф, фикр, мулоҳазалар билдирилди.
Сенат қўмитаси раиси иштирокидаги бу каби учрашувлар вилоятнинг қатор туманларида ўтказилиши белгиланган.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА