Қонун соҳадаги муносабатларни тартибга солади
Мамлакатимизда инсон манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида давлат органларининг ишлаётгани давлат бошқаруви ва давлат хизматчилари оддий одамларга яқинлашганлигидан далолат беради. Ваҳоланки, бир пайтлар фуқаронинг раҳбар қабулига кириши, ўз муаммоларини айтиши жуда қийин масала эди. Халқни эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилиши натижасида кутилган мақсадларга эришилди. Албатта, бу тизимни мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асослар талаб этилади. Айнан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонуннинг қабул қилиниши соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим дастуриламал бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан давлат фуқаролик хизматчилари намунавий қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Низом билан касбий фаолиятга оид, хизмат фаолиятига оид ҳамда хизматдан ташқари одоб-ахлоқ қоидалари тартибга солинади. Намунавий қоидаларга мувофиқ давлат фуқаролик хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилади. Коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашилади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмайди. Масъулият, касбига садоқат ва ҳалоллик кундалик шиорга айлантирилади. Мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш каби хулқ-атворнинг бир қатор умумий қоидаларига амал қилинади.
Бундан ташқари, хизмат машинасидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги, ўзининг шахсий машинасидан фойдаланганда эса тартиб-таомилларга амал қилиб ҳайдаши, йўл қоидаларига қатъий риоя қилиши зарурлиги эътиборга олинган. Шунингдек, давлат хизматчисига хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланилмайди. Ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмайди. Хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан, бошқа мансабдор шахслардан қимматбаҳо совға олинмайди.
Ташқи кўринишини белгиланган меъёрлар доирасида сақлаш, камтарона кийиниш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига ортиқча жалб қиладиган тарзда кийинмаслик мажбуриятлари юкланган. Давлат хизматчилари этикасини бузган ходимлар интизомий жазога тортилиши ҳамда огоҳлантирилиши, расмий узрнома келтириши, танбеҳ берилиши мумкин.
Эътибор берган бўлсангиз, ушбу одоб-ахлоқ қоидаларининг деярли барчаси аслида ҳар бир тарбияли инсонга тааллуқли. Лекин оддий фуқаро уларга риоя қилмаса, бор-йўғи маънавий жазо олади, яъни эл-юрт назаридан қолади. Агар давлат фуқаролик хизматчиси риоя этмаса-чи? Энди қонун бор. Қонун унга одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлиги учун тегишли жазо тайинлайди.
Буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур ҳам давлатни идора этишда адолат тамойилларига қаттиқ риоя этилишига бош-қош бўлган. Темурнинг “Куч – адолатда!” деган сўзлари ундан кейинги ҳукмдорлар ва авлодлар учун дастуриламал бўлиб келди. Асрлар ва замонлар ўтса ҳамки, бу ибора ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун ва қонуности ҳужжатлари орқали инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, инсон қадри олий қадрият деб ҳисобланган юртимизда ҳар соҳада адолат бўлиши, ҳеч ким ҳақсизликка дуч келмаслиги, жамиятдан норози бўлмаслиги йўлида янги бир қадам ташланди.
Шохрухали Садиллаев,
“Бухоро сув таъминоти” МЧЖ директори
ЎзА