Қўнғир айиқ тоғ қўйнида тасвирга тушди
Сурхондарё вилоятидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи назоратчилари баланд тоғ қўйнида ҳаракатланаётган қўнғир айиқни мобил телефон орқали тасвирга олди.
Бу ҳақда хабар берган вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган қўнғир айиқ денгиз сатҳидан 1 500 – 3 500 метр баландликдаги тоғ ўрмонлари ва ўтлоқларида яшайди. Ноёб тур жонивор Ғарбий Тянь-Шань ҳамда ғарбий Помир-Олой ҳудудларида кўпроқ учрайди. У CITES халқаро конвенциясининг I иловасига ҳам киритилган заиф ва муҳофазага муҳтож кенжа тур ҳисобланади.
Қўнғир айиқ асосан март-октябрь ойларида фаол бўлиб, кўпроқ эрталаб ва кечки пайтларда ҳаракатланади. Қиш мавсумида инларига кириб, қишлайди. Мевалар, илдизлар, ҳашаротлар ҳамда айрим ҳолларда майда сутемизувчилар билан озиқланади ва 30 йилгача умр кўради.

Мутахассисларнинг айтишича, Сариосиё туманидаги пурвиқор тоғлар қўйнида ташкил этилган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи 27 минг 581 гектар майдонни эгаллайди. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой ҳудуд денгиз сатҳидан 1000-3800 метргача баландликда жойлашган. Ташкил этилганига тўрт йил бўлган табиат боғининг наботот ва ҳайвонот олами йилдан-йилга кенгайиб, ноёб ёввойи ҳайвонлар, жумладан, қўнғир айиқлар билан бойиб бораётгани кузатилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА