Қомусий миқёсдаги билимлар соҳиби
Ойбекнинг "Болалик" асари. Муқоваси анчайин эскириб кетган бу китобни ўқиб битирганимга кўп йиллар бўлса-да, уни ҳамон варақлашни канда этмайман.
Сабаби, мазкур рисолада ғариблик узра болаликнинг самимий, беғубор, тоза, юракка яқин манзаралари китобхон эътиборини жалб этаверади.
Манбаларга кўра, йигирманчи аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йили Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди.
Бу йил устоз адиб, академик ижодкор таваллудига 116 йил тўлди.
Адабиётшунослар фикрича, устоз адиб адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келади. Шоирнинг «Дилбар давр қизи», «Ўч», «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Темирчи Жўра» поэмалари ўз даврининг шеърий солномаларидандир. Унинг кўплаб достонлари тарихий, замонавий ва хорижий мавзуларда яратилган.
Манбаларда қайд этилишича, ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг «Қутлуғ қон» романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган. Адибнинг иккинчи йирик тарихий асари «Навоий» романидир. Ойбек бу романда ўзбек адабиётида биринчи бўлиб, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образини
яратди. Ҳар қандай ижод маҳсули замирида машаққатли меҳнат ётади. Бироқ тарихий асарлар неча минг карра изланиш, қадимий манбаларни пухта ўрганиш, муайян давр шахсларнинг фикрини, қарашини, муносабатлар, турли тарихий жараёнларни ҳаққоний ёритишни талаб этади. Шу маънода "Навоий" романини Ойбекнинг шоҳ асари деб атасак, муболаға бўлмайди.
Унинг «Олтин водийдан шабадалар» асарида халқимизнинг урушдан сўнгги давр яратувчилик меҳнати, «Қуёш қораймас» романида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба акс эттирилган.
Мутахассисларнинг фикрича, адибнинг «Улуғ йўл» асари эса «Қутлуғ қон» романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи миллий онгнинг шаклланишини маҳорат билан кўрсата олган.
Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилди. Адиб Покистон халқининг ҳаётини, фикр ва туйғуларини, кураш ва интилишларини «Покистон хотиралари» очеркларида, қатор шеърларида, «Зафар ва Заҳро», «Ҳақгўйлар» достонларида, ниҳоят «Нур қидириб» повестида тасвирлади.
Ойбек истеъдодли шоир, йирик носир бўлиши билан бирга атоқли олим, давлат ва жамоат арбоби, публицист, танқидчи ва таржимон ҳамдир. Ўзбек китобхонларига Пушкиннинг «Евгений Онегин», Лермонтовнинг «Маскарад» асарини, Мольернинг «Тартюф» драмаси ва бошқа жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.
Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди ва 1950 йилгача Академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси лавозимида ишлади. У юқори малакали филологлар тайёрлашга катта ҳисса қўшган устоздир.
Улкан адиб «Навоий» романи учун Давлат мукофоти совриндори бўлди, бир неча орден ва медаллар билан тақдирланди. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндоридир. Ёзувчининг асарлари ўзбек адабиётининг жаҳон аро шуҳратини янада оширди.
Истиқлол йилларида забардаст адибнинг миллий адабиётимиз, сўз санъати тарихи, она тилимизга қўшган ҳиссаси яна эъзоз топди. Гарчи биз юқорида манбалардан келтирган ҳолда Ойбекнинг асарларини санаб ўтган бўлсак-да, ҳар бир роман, ҳикоя, достон ёхуд таржима асари замирида заргарона меҳнат, машаққат, қанчадан-қанча заҳмат бор. Шўро замонаси зуғумидан саломатлигига жиддий путур етган бўлса-да, устоз адиб азбаройи халқига, шу заминга, адабиётга меҳри сабабли ижодидан, изланишдан тўхтамади. Ҳамон асарларини ўқиб, сатрлари ичра устоз ёзувчининг нечоғли донишманд, камтарин, фидойи шахс бўлгани, қомусий миқёсдаги билимлар соҳиби эканлиги балқиб туради.
Мусо Тошмуҳаммад ўғли – Ойбек 2001 йилда "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланди. Унинг самимий сўзи, жонфидолиги, миллий адабиётга, ўз халқига чексиз эҳтироми, меҳри чинакам ибрат манбаидир.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА