Қўмита раиси тадбиркорларни тинглади
Самарқандда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан вилоят тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Президентимизнинг тадбиркорлар билан бу йилги анъанавий очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган тадбирда қўмита раҳбарияти ва вилоят ҳудудий бошқармаси масъуллари тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглади.
– Биз бу ерга сизлар билан очиқ мулоқот қилиш, дуч келаётган муаммоларингизни ўрганиш ва ечим топиш мақсадида келганмиз, – деди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Тўрахўжаев. – Бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда тадбиркорларнинг фикрлари муҳим. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари билан бўладиган учрашувга ташаббусларни қабул қилишни режалаштирганмиз.
Учрашувда тадбиркорлар томонидан коммунал хизматлар, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар, инфратузилма билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди.
Жумладан, Самарқанд темирйўл вокзали ҳудудидан ижарага ер олиб, автотураргоҳ ташкил этган “Улмасов автотураргоҳ” МЧЖ транспорт воситаларини сақлаш хизматлари учун қўлланилаётган тарифлар юзасидан эътирозлар бўлаётганини айтди.
“Самарқанд дон маҳсулотлари” МЧЖ вакили биржа савдолари орқали сотиш белгиланган маҳсулотлар график асосида биржага қўйиб борилаётган бўлса-да, сотилмасдан қолаётгани, маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилиши масаласини кўтарди.
Тадбиркор Шерали Саидов ташқи реклама конструкцияларида тадбиркорлар рекламаси жойлаштирилмаган вақтда ва давлат идоралари томонидан сиёсий барьерлар жойлаштирилган вақтдаги ҳисобланган йиғимлар ва пеняларни бекор қилиш тўғрисида таклиф билдирди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилиб, Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш қаратилган дастурлар ишлаб чиқишда фойдаланилиши айтилди. Муаммоларга ечим топиш чоралари кўрилди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири