Қизлар овози форуми ўтказилди
Андижон шаҳридаги вилоят ёшлар марказида “Қизлар овози” форуми бўлиб ўтди.
“Ёшлар ойлиги” доирасида Ёшлар ишлари агентлиги, “Қизлар овози” клуби ҳамкорлигида ташкил этилган форумда вилоятдаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган, турли йўналишларда меҳнат қилаётган ҳамда уюшмаган ёшларнинг илғор ва фаол вакилалари иштирок этди.
– Андижонда қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки, фаоллиги ва нуфузини ошириш, етакчи ва ташаббускор қизларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди “Қизлар овози” клубининг ҳудудий координатори Моҳинур Абдулатипова. – Ўтказилган тадбирнинг асосий мақсади ҳам ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган.
Форумда мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар сафини кенгайтириш орқали жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, ёш хотин-қизларнинг руҳий, маънавий тазйиқ ва зўриқишларга учрашининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда миллий, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мавзуларида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, форум давомида вилоятда ўтказилган ўрганишлар, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантириш жараёнида ёшлар, хотин-қизлар масаласида аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказилди.
– Форум мен каби кўп қизларни янада фаол бўлишимиз учун куч ва шижоат берди, – дейди форум иштирокчиси, Қўрғонтепа туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Инобатхон Мамадхожиева. – Бундан буён энг аввало фақат аъло баҳоларга ўқишга, жамоат ишларида янада фаол бўлишга ҳаракат қиламан. Тенгдошларимни эса жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшашга чақираман.
Форум якунида “Қизлар овози” клубининг ҳудудий ва туман, шаҳар координаторларига ишонч сертификатлари топширилди.
[gallery-179]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА