Қизилтeпада йирик корхоналар кўпаймоқда
Навоий вилояти Қизилтепа туманида маҳаллий ишбилармонларнинг ташаббус ва лойиҳалари қўллаб-қувватланиши туфайли сўнгги йилларда ишлаб чиқариш соҳасида 10 дан ортиқ йирик корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Хусусан, «Тошработ текстиль» тикувчилик фабрикаси, «Оқ олтин капитал сервис» масъулияти чекланган жамиятнинг цемент ишлаб чиқариш заводи, «Янги аср» фермер хўжалиги негизида чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш заводи, «Адиз бобо» фермер хўжалиги қошида иссиқхона ва чорвачилик комплекси барпо этилиб, уларда 700 нафардан ортиқ киши бандлиги таъминланди. 2016-2020 йилларни таҳлил қиладиган бўлсак, туманда амалга оширилган мақсадли дастурлар ва иқтисодий лойиҳаларнинг ижроси натижасида қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилган.
[gallery-1739]
Жумладан, «Янги аср» фермер хўжалигининг сутни қайта ишлаш заводида "Sof in" бренди остида ишлаб чиқарилаётган 20 дан ортиқ сут ва сут маҳсулотлари бугун вилоят аҳолисининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. Завод соатига 5 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, унда 60 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари наслли қорамоллар парваришланаётган мазкур фермер хўжалиги нафақат вилоят, балки республикадаги энг намунали, иқтисодий салоҳияти юқори бўлган хўжаликлардан ҳисобланади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА