Қизилтепада пахта йиғим-терими бошланди
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 2026 йил пахта ҳосили учун 227 та фермер хўжалиги 5965 гектар майдонда пахта етиштирди. Улар 31 минг тоннадан ортиқ хирмон бунёд этишни режалаштиришган.
Пахта йиғим-теримининг бошланиши муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Санъатилла Ҳикматов ва туман ҳокими Бекзод Бобомуродов, фермер хўжаликлари раҳбарлари, нуронийлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳамда тегишли масъуллар иштирок этди.
Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси, аввало, далада, фермер меҳнатида, етиштирилаётган ҳосил ва соҳада яратилаётган янги имкониятларда намоён бўлади. Бугунги кунда аграр тармоқда замонавий технологияларни жорий этиш, юқори ҳосилдор навлардан фойдаланиш, меҳнат жараёнларини механизациялаш ва фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ўзининг амалий самарасини бермоқда.

Учрашувда янги пахта йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик, бирдамлик ва юқори масъулият билан ўтказиш, далаларда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда сифатли ва нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Пахтачиликда юқори натижага эришишда замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Қизилтепада жорий мавсумда Хитойдан келтирилган серҳосил чигит навлари экилиб, парвариш қилинди. Юқори ҳосилдор навларни жорий этиш билан бирга, экинларни парваришлашда илғор усуллардан фойдаланиш кўзланган натижага эришишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати меҳнат жараёнларини механизациялашдир. Жорий мавсумда Қизилтепа туманида пахта теримига 30 та пахта териш комбайни жалб этилган. Замонавий техникалардан фойдаланиш ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олиш, инсон меҳнатини енгиллаштириш ва терим жараёни самарадорлигини ошириш имконини беради.

Туман ҳокими Бекзод Бобомуродов фермерлар билан учрашувда мавсумнинг масъулиятини алоҳида таъкидлаб, далаларда етиштирилган мўл ҳосилни қисқа муддатларда сифатли ва тўлиқ йиғиб олиш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
Нуронийлар томонидан ҳосилнинг баракали бўлиши ва режаларнинг ортиғи билан бажарилиши тилаб дуолар қилинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири