“Қизилқум” ўз майдонида очко йўқотди
Навоий шаҳридаги “Ёшлик” ўйингоҳида Суперлиганинг 10-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Сурхон” учрашуви бўлиб ўтди.
Ҳар иккала жамоа вакиллари ғалаба иштиёқида майдонга тушганлиги дастлабки дақиқаларданоқ сезилди.
Ўйиннинг 2-дақиқасида мезбонлар ўйинчиси Кухианидзенинг дарвоза томон йўллаган зарбасидан кейин меҳмон жамоа ўйинчиси Бубанья жамоасини қутқариб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Учрашувнинг 11-дақиқасида Шарафиддин Шобиров Салим Мустфоевни ҳимоя чизиғи ичида йиқитди ва ҳакам Шавкат Насибуллаев пенальти белгилади. Аммо “Қизилқум” ўйинчиси Ойбек Қиличев дарвоза тўсини нишонга олди. Натижада ҳисоб ўзгармай қолди. Бу эса мезбон жамоа ўйинчиларига руҳий устунлик тақдим этди.
Уларнинг тинимсиз ҳужумлари ниҳоят гол билан якунланди. Ҳисоб 34-дақиқада термизликлар ҳужумчиси Жасур Холтўраев томонидан очилди ва бу ҳисоб биринчи бўлим якунига қадар сақланиб қолди.
Иккинчи бўлимда амалга оширилган ўзгаришлар мезбонлар фойдасига хизмат қилди. 56-дақиқада Эркин Бойдуллаев чиройли зарбаси билан фарқни йўққа чиқарди – 1:1.
Ўйин якунига қадар икки томонда ҳам ғалабани илиб кетиш имконияти бор эди, аммо баҳс дуранг натижа билан тугади.
Натижада “Қизилқум” 11 очко билан 9-ўринда бораётган бўлса, “Сурхон” 8 очко билан 12-ўринда қолди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА