Қизил-Ровот сув тозалаш иншоотида аҳоли учун сифатли ичимлик суви тайёрланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Наманган сув таъминоти” АЖ тасарруфидаги Қизил-Ровот сув тозалаш иншооти 1997 йилдан буён Уйчи, Чортоқ туманлари ҳамда Наманган шаҳрининг Давлатобод ва Янги Наманган туманлари аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда.
Иншоотда Катта Наманган каналидан олинадиган сув 10 босқичли технологик жараён орқали тозаланади. Жумладан, сув бирламчи ва иккиламчи тиндиргичлар, фильтрлаш тизимлари ҳамда қум қатламлари орқали қайта ишланади. Сўнг замонавий технологиялар асосида суюқ хлор ва натрий гипохлорит ёрдамида зарарсизлантирилади.
Тозаланган ичимлик суви ҳар бири 2,5 минг куб метр сиғимга эга иккита резервуарда жамланиб, энергия тежамкор насос агрегатлари орқали диаметри 1200 миллиметрли магистраль қувурлар орқали истеъмолчиларга етказиб берилади.
[gallery-30658]
Айни пайтда иншоотда суткасига ўртача 125–130 минг куб метр сифатли ичимлик суви тайёрланмоқда. Бу жараён учун кунига қарийб 40 минг киловатт-соат электр энергияси сарфланади.
Иншоот ходимлари тун-у кун навбатчилик асосида фаолият юритиб, минглаб хонадонларни узлуксиз ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА