Қизғин жараёнлар бошланди
Шу йилнинг 9 июль, якшанба куни мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – муддатидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий кампанияни юқори савияда ташкил этиш учун Наманган вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси шаҳар, туман кенгашларининг масъул ходимлари, депутатлар, O‘zLiDeP “Ёшлар” ва “Аёллар қаноти” фаоллари биргаликда сайловолди тадбирларини амалга оширишда масъулият билан ёндашмоқда.

Жумладан, Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасида сайловчилар имзосини тўплаш жараёни олиб борилди. Бунда депутатлар, “Ёшлар парламенти”, партия фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари имзо варақаларининг тўғри тўлдирилиши, маълумотлар тўлиқлигига эътибор қаратишди.
– Сайловчилар имзосини тўплаш фуқароларнинг хоҳишига асосан амалга оширилмоқда. Айнан фуқаронинг ўзи паспорт ёки идентификация ID-картаси серияси ва тартиб рақамини киритган ҳолда имзо қўймоқда, – дейди “Ёшлар парламенти” аъзоси, O‘zLiDeP фаоли Диёрбек Соаталиев. – Имзо варақаларини йиғишда аҳолига сайлов кампанияси жараёнлари ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар берилмоқда.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, ЎзА