Қизалоқ онаси бағрига қайтарилди
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти Сайхунобод туман бўлими томонидан суд қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги навбатдаги муҳим ижро ҳаракати муваффақиятли якунланди. Натижада суд қарорига мувофиқ 6 ёшли қизалоқ онаси бағрига қайтарилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг 2026 йил 8 майдаги ижро варақасига асосан вояга етмаган болани жавобгар И.А. қарамоғидан олиб, онаси Р.Л. қарамоғига топшириш белгиланган эди.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, давлат ижрочиси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари бошланди. Дастлаб тарафларга суд қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, уни ихтиёрий равишда бажариш зарурлиги юзасидан огоҳлантиришлар берилди ҳамда бир неча бор мулоқотлар ўтказилди.
Бироқ суд қарори белгиланган муддатда ихтиёрий равишда ижро этилмагани сабабли давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро чораларини қўллашга тўғри келди.
Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, вояга етмаган шахснинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмаслик, унинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вазиятни тинч ва холис ҳал этиш мақсадида тегишли мутасадди идоралар вакиллари иштирок этишди.
Қонун талаблари асосида ташкил этилган ижро ҳаракатлари натижасида суд қарори тўлиқ ижро қилиниб, қизалоқ онасига топширилди.

Мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа ваколатли органлар қарорларининг ўз вақтида ҳамда қонуний ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу каби ижро ҳаракатлари қонун устуворлигини таъминлаш ва суд қарорларининг муқаррар ижросига эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири