Қийноққа қарши назорат қаердан бошланади?
Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш демократик давлатнинг энг муҳим вазифаларидан саналади. Айниқса, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш, шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомалага йўл қўймаслик доимий ва самарали назоратни талаб этади. Бу жараёнда Омбудсман институтининг ваколатлари алоҳида аҳамият касб этади.
Назоратнинг таъсирчанлиги, аввало, унинг кутилмаган ва холис амалга оширилиши билан боғлиқ. Омбудсман, унинг ўринбосари ва минтақавий вакиллари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга исталган вақтда, монеликсиз ва хабар бермасдан мониторинг ташрифларини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бундай тартиб муассасалар фаолиятида шаффофликни таъминлаш, қонунбузилишларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун муҳим кафолатдир.

Мониторинг жараёни эса шунчаки кузатув билан чекланмайди. Омбудсман сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олади, уларни сақлаш ва муомала шароитларини ўрганади, шахслар ҳамда муассаса ходимлари билан учрашади. Зарур ҳолларда шахслар билан холи, яъни махфий суҳбатлар ўтказиши, баённома ва техника воситаларидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, шахсни сақлаш қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади, улардан нусха олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Муаммонинг инсон тақдирига дахлдор жиҳати тиббий ва психологик ёрдам масаласида янада яққол намоён бўлади. Омбудсман аниқланган ҳолатлар юзасидан тиббий текширув ўтказилишини талаб қилиши, психологик ёрдам ва бошқа зарур хизматларни таклиф қилиши, муассаса раҳбарларидан тушунтиришлар олиши мумкин. Демак, мониторингнинг мақсади ҳолатни қайд этиш эмас, балки аниқланган муаммони бартараф этишга эришишдир.
Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигига чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради. Сақлаш шароитлари бўйича хулоса тайёрлайди, тегишли органларга таклиф ва тавсиялар киритади, қийноқ ҳолатларини бартараф этиш бўйича талабнома юборади. Муҳими, мазкур чоралар шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларга ҳам татбиқ этилади.

Назорат самарадорлигини оширишда жамоатчилик иштироки ҳам муҳим ўрин тутади. Омбудсман фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Улар инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан иборат бўлади. Бунда гуруҳ аъзоларининг камида 40 фоизини аёллар ташкил этиши керак.
“Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг 49-моддасида Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари кафолатлари белгиланган. Унга кўра, гуруҳ аъзолари фаолияти давомида маълум бўлган маълумотларни ошкор қилишга мажбур этилмайди ва гувоҳлик беришга жалб қилинмайди. Бу кафолатлар улар гуруҳ таркибидан чиққанидан кейин ҳам сақланиб қолади. Жамоатчилик гуруҳлари фаолияти Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ва қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштирилади.
Шундай қилиб, қийноққа қарши назорат биргина идора ёки бир марталик текширув билан чекланмайди. У мустақил мониторинг, махфий мулоқот, ҳуқуқий ва тиббий чоралар, жамоатчилик иштироки ҳамда аниқ талабларни бирлаштирган яхлит механизмдир. Омбудсманнинг кенг ваколатлари ана шу механизмнинг амалда ишлашига хизмат қилади.
Ўткир Жўраев,
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари
бўйича вакили(омбудсман)нинг
Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили.
ЎзА