Қишлоқ хўжалиги вазири Жиззахда
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятига келиб, Зомин, Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларида мева ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳолати билан яқиндан танишди.
Дастлаб Зомин туманидаги “Агро финанс лизинг” акциядорлик жамиятига борилди ва бу ерда олма, ўрик, нок ва бошқа мевали дарахт кўчатларидан барпо этилаётган 500 гектарлик интенсив боғ фолияти яқиндан ўрганилди.
Бу ерда 112,6 гектар майдонда нок боғи яратилган. Вазир меваларнинг ҳолати, ҳосилдорлиги ва истеъмолгача етказиб берилишигача бўлган жараёнлар ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, корхона ҳудудидаги 93 гектар майдонда павловния кўчатидан ташкил этилган плантацияни ҳам кўздан кечирди.
Кейинги манзил тумандаги “Баракали ҳосилдор ерлари” фермер хўжалиги бўлди.
Мазкур фермер хўжалигининг 25 гектар майдонида томчилатиб суғориш тизими орқали пиёз етиштирилмоқда. Анъанавий усулда экилган ҳосилга нисбатан 1,5-2 баробар кўпроқ (1 гектар ердан ўртача 100-110 тонна) ҳосил олиниши мумкин.

Шундан сўнг қишлоқ хўжалиги вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Пешоғар” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Зомин олам гуллари” кооперациясида бўлиб, 20 нафар гулчи аёл томонидан 15 гектар майдонга эга 1 миллиард 200 миллион сўмлик лойиҳанинг амалга оширилиши билан қизиқди.
Ишчи гуруҳи Зарбдорда ҳам бўлиб, ушбу туманда жойлашган “Zarbdor Universal logistika” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Умумий майдони 35 гектардан иборат бўлган ушбу корхона 2017 йил март ойида рўйхатдан ўтган. Ана шу майдоннинг 7 гектарида иссиқхона, 15 гектарида мевали боғ мавжуд. Aзиз Воитовга 7 гектарлик иссиқхонанинг 1 гектарида ташкил этилиши режалаштирилаётган махсус кўчатчилик майдони лойиҳаси ҳақида маълумотлар берилди.

Унга кўра, ушбу кўчатчилик иссиқхонасида интенсив сабзавот ва полиз экинлари кўчатлари етиштирилади, Зарбдор ва унга қўшни туманлардаги аҳоли томорқалари, фермер хўжаликларига етказиб берилади.
Сўнг Шароф Рашидов туманида жойлашган “BMB-NRC Agrologistics” қўшма корхонаси томонидан барпо этилаётган замонавий агрологистика комплекси фаолияти ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида иштирокчилар агрологистика комплекси ҳудудида ташкил этилаётган ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган музлатгич омборлари қурилиш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди.
Шароф Рашидов туманидаги “Олтинсой” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Қўйчи ота” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган, 10 гектар майдонига такрорий экин сифатида экилган мошдан 25 тонна ялпи ҳосил олиш режалаштирилмоқда.

А.Қаюмов, ЎзА