Қишлоқ аёллари эътиборда (+видео)
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги "Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш" тўғрисидаги резолюциясига асосан 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган.
Мамлакатимизда ҳар йили мазкур санага алоҳида эътибор қаратилиб, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг муаммоларига эътибор қаратишга, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга чақирилади.


Шу муносабат билан Республика Оила ва хотин-қизлар Давлат қўмитаси масъул вакилларидан иборат гуруҳ айни кунларда Наманган вилоятида бўлиб, Тўрақўрғон туманида истиқомат қилаётган қишлоқ аёлларининг турмуш тарзини янада яхшилаш, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, муносиб иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Тумандаги “Бураматут гулшани” фермер хўжалиги дала шийпонида мавсумда фидойилик билан меҳнат қилаётган теримчилар билан учрашув ўтказилди. Илғорларга эсдалик совғалари берилди.


Ўзбекистон Қаҳрамони, юртимиз аграр соҳасининг фидойи фахрийси Халчахон ая Мирзаева қишлоқ аёлларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Чортоқ туманидаги Мучум қишлоғи ҳудудида жойлашган “Бувабой Робахон файз” фермер хўжалигида бўлиб ўтган тадбирда бир пиёла чой устида маҳаллалардан келган аҳолининг уюшмаган қатламидан иборат теримчи хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилди. "Оқ олтин" мавсумида илғор, пешқадам теримчиларга эсдалик совғалари топширилди. Дилтортар куй-қўшиқлар ижро этилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ybQxZbVPaa4" title="Қишлоқ аёллари эътиборда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, ЎзА