Қишга тайёргарлик ишлари назоратда
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиши ҳолати муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мазкур тадбирда муҳокама қилинган масалаларнинг Жиззах вилоятидаги ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида хизмат сафарида бўлдик. 2023-2024 йил куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича республикамиздаги каби Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам штаблар фаолияти йўлга қўйилган. Маҳаллий ҳокимлик ва сектор раҳбарлари назоратида муайян чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Бошқа ҳудудлардаги каби Жиззах вилоятида ҳам ҳаво ҳарорати – 13, тоғли ҳудудларда – 15, дашт ва чўл ҳудудларида эса – 18 ва ҳатто баъзи жойларда – 20 даражагача пасайиб кетди. Вилоятдаги, айниқса, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, шифохоналар, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида иссиқлик тизимларини меъёр даражасида ишлаши, йўлакларни ва катта йўлларни қор, муз қопламаларидан тозалаш ишлари Республикадан бириктирилган вакиллар ҳамда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда секторлар раҳбарлари томонидан қатъий назоратга олинган. Шунингдек, куз-қиш штаби томонидан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ҳамда электр энергияси билан таъминлаш ва юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича ҳам куннинг қайси вақти бўлишига қарамай, ижроси борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Ўтган йилги совуқ бизга яхшигина сабоқ бўлди, – дейди Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниев. – Шу сабабдан ҳам бу йил биринчи навбатда табиий газ етиб бормаган жойларга суюлтирилган газ балонлари ва кўмир етказиб бериш ишларини куз фаслидаёқ тўлиқ якунлаганмиз. Аҳолини иссиқлик энергияси, ичимлик сув, газ ва электр таъминотида етишмовчиликлар бўлмаслиги учун штабда узлуксиз иш режаси ташкил этилган. Қишда камчилик ва муаммолар юзага келиши шубҳасиз. Шу сабабдан, юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини бартараф этиш учун ташкил этилган бригада фавқулодда вазиятларга шай ҳолатда турибди. Кеча Президентимиз раислигида ўтган видеоселекторда олган топшириқлар ижросини қатъий назоратга олганмиз.
Пахтакор, Ғаллаорол ҳамда Шароф Рашидов туманларида ҳам бўлдик. Ҳар учала туманда кўп қаватли уйлар атрофи, идоралар, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда оилавий поликлиника ва шифохоналарга олиб борувчи ички йўллар, пиёдалар йўлакчаларда қор тозалаш тадбирлари олиб борилмоқда. Шароф Рашидов туманида амалга оширилаётган жараён билан танишгач, туман ҳокими билан телефон орқали боғландик.
[gallery-15060]
– Аҳоли сони бўйича туманимиз вилоятда биринчи, ҳудуди жиҳатдан эса иккинчи ўринда. Президентимиз раислигида ўтган видеоселектордан сўнг сектор раҳбарлари билан тоғли қишлоқлардаги, шифохоналардаги, мактаб ва боғчалардаги аҳволни ўргандик, – дейди туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев. – Фуқароларимизни қийин аҳволга солиб қўйган катта муаммолар сезилмади. Лекин, ҳоким сифатида ўзимга ёқмаган камчиликлар кўзга ташланди. Шу сабабдан ҳозир ана шу камчиликларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида мутасадди раҳбарлар билан штабни тезкор йиғилишни ўтказилди ва аниқ вазифалар юклатилди.
Фориш туман автомобил йўллардан фойдаланиш давлат унитар корхонаси жамоаси қиш мавсумига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриб, барча техника воситаларини қиш мавсумига шай ҳолга келтириб қўйишгани таҳсинга лойиқ. Туман автомобиль йўллардан фойдаланиш ДУК жамоаси умумфойдаланишдаги “Фориш – Жиззах”, “Боғдон – Қораабдол”, “Фориш – Қизилча” автомобил йўлларини қордан тозалаш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Туман ҳокими Икром Матиев бошчилигида сектор раҳбарлари, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ва бошқа соҳалардан бириктирилган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ҳудуддаги барча ижтимоий соҳа объектлари иситиш тизимининг керакли иссиқлик даражасида ишлашини назорат қилиш мақсадида ҳудудда эканидан хабар топдик.
– Фаслларнинг ўз вақтида келгани яхши, – дейди Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов. – Лекин бу Президентимиз видеоселектор йиғилишидаги топшириқлари, фармон ва қарорлари ижросини таъминлашимизга ҳеч қандай тўсиқ бўла олмайди. Ҳамма иш зўр, ҳаммаси жойида десам ёлғон айтган бўламан. “Заргарлик” маҳалласидаги 19-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлдик. Бинодаги иссиқлик даражаси меъёрдан анча паст бўлганлиги сабаб, муаммо махсус бригада ходимлари томонидан тўлиқ бартараф этилди. “Қалия” маҳалласидаги 12-умумтаълим мактабида эса газ босими пасайиб кетганлиги сабаб, иситиш тизими деярли иситмаётган экан. Дарс соатлари бошлангунга қадар махсус бригада бу муаммони тўлиқ бартараф этди.
Жиззахликлар қишдан беталафот чиқиб олишлари учун раҳбарлар, штаб аъзолари ва мутасаддилар барча зарур чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширган. Бунга кузатувларимиз чоғида яна бир бор амин бўлдик. Демак, келгусида бу борадаги ишлар тизимли амалга оширилишига шубҳа йўқ.
А.Қаюмов, ЎзА.