Қиш мавсумига тайёргарлик ўрганилди
Транспорт прокурори И.Наримов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” доирасида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, жисмоний ва юридик истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда йўл қурилиши борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда.
Жумладан, Транспорт прокурори раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Янгиобод туманидаги ўрганиш жарёнида ижтимоий соҳа объектларига бориб, биноларни иситиш тизимининг аҳволи, кўмир захираларининг мавжудлиги, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ва туман тиббиёт бирлашмасида беморларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича ташкил этилган штаб фаолияти билан яқиндан танишилди.
Юзага келган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан штаб аъзоларига зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги Ислом Каримов шоҳ кўчасидан М39 “Тошкент – Термиз” автомагистрал йўлига чиқиш учун янги йўналишдаги 4 километрлик автомобиль йўли ва 700 погонаметрли йўл ўтказгич қурилишининг бориши, Дўстлик туманидаги 4Р35 “Жиззах – Пахтакор – Дўстлик – Гагарин" йўналиши кўпригида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этишда амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
[gallery-20422]
Ушбу объектларда қурилиш ишларини жадаллаштириш, сифатли ва талаб даражасидаги қурилиш материалларини ишлатиш, давлат дастурини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА