Қиш мавсумига тайёргарлик кўрилмоқда
Совуқ кунларда аҳолини узлуксиз ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, ҳудудларнинг ўзига хос шароитидан келиб чиқиб, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Бекобод шаҳрининг анклав ҳудудида жойлашган маҳаллаларда ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан А.Жомий ва Бунёдкор маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига куз-қиш мавсумида фойдаланиш учун кўмир етказиб берилди. Бугунги кунда мазкур икки маҳаллада жами 2 минг 300 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Хонадонлар сони эса 269 тани ташкил этади.

Шунингдек, ушбу маҳаллалар аҳолисини ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш фақат кўмир етказиб бериш билан чекланмайди. Хусусан, хонадонларга йилнинг 12 ойи давомида суюлтирилган газ етказиб бериш ҳам йўлга қўйилган.

Амалга оширилаётган бу каби ишлардан кўзланган мақсад — анклав ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш, куз-қиш мавсумини осойишта ва қулай ўтказиши учун зарур шароит яратишдан иборат.
А.Мусаев,ЎзА