Қирғизистон дунё етакчиларини БМТ ХКга номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий бўлмаган аъзолари сайлови олдидан давлат раҳбарларига мурожаат қилди. Бу ҳақда “Kazinform” агентлиги хабар берган.
Жапаров Қирғизистон 60 давлат қатори ҳеч қачон Хавфсизлик Кенгашида фаолият юритмагани, рақобатчи Филиппин эса илгари тўрт марта шу вазифани бажарганига эътибор қаратган. Унинг фикрича, Қирғизистон сайланиши халқаро ҳамжамиятнинг тарихий адолатни тиклаш, барча мамлакатлар БМТ етакчи органига сайланиш учун тенг ҳуқуққа эгалигини таъминлаш йўлидаги сиёсий иродасини намойиш этади.
Етакчи, агар сайланса, Қирғиз Республикаси Кенгашда прагматик, сиёсатсиз ва барқарор ечимларни қўллаб-қувватловчи сифатида ҳаракат қилишини таъкидлади. Шунингдек, геосиёсий рақобат глобал миқёсда кучайиб, халқаро ҳуқуқ универсаллиги сусайиб, можаролар ортиб бораётганини қайд этди. Дунё бўйлаб ҳарбий зиддиятлар туфайли қарийб 3 триллион доллар сарфланганини қўшимча қилди.
– Агар шу харажат сайёрамизни кўкаламзорлаштириш, айрим мамлакатлардаги очарчиликни бартараф этишга йўналтирилса, сайёрамиз гуллаб-яшнаган боққа айланиши мумкин эди, – деди Садир Жапаров. – Бундай шароитда БМТга аъзо давлатларнинг ХКда инклюзив ва тенг ҳуқуқли вакиллиги, бутун халқаро ҳамжамият номидан қарор қабул қилувчи гуруҳ сифатида қонунийликни сақлаб қолиш қобилияти масаласи биринчи ўринга чиқади. Кенгаш таркибидаги номутаносиблик, айниқса кичик, ривожланаётган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар етарли иштирок этмаслиги бутун жамоавий хавфсизлик манзараси барқарорлигига путур етказади. Мамлакатимиз воситачилик механизми, профилактика дипломатияси ва ядровий қуролсизланиш, шунингдек иқлим ва хавфсизлик ўртасидаги муносабатни тизимлаштиришга ҳисса қўшиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари 2026 йил 3 июнда Нью-Йоркда сайланади. 2024 йил Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бу борада Қирғизистонни қўллаб-қувватлашини билдирган эди.
Г.Сатторова, ЎзА