Қинғир ишнинг қийиғи чиқди
Хоразм, Фарғона ва Навоий вилоятларида ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда, фуқаро Г.А. фуқаро И.О.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 2 500 АҚШ доллари эвазига “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Урганч шаҳридаги шифохонасига ишга жойлаштириб қўйишни айтиб, 1 500 АҚШ доллари ва 5,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, Департаментнинг Риштон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда, фуқаролар Б.Т. ва Б.У. фуқаро Б.О.нинг ишончига кириб уни Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғинга қарши курашиш бўлимига ишга киритиб қўйиш эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Зарафшон шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.Ж. фуқаро Г.Ш.ни Зарафшон шаҳар Марказий кон бошқармасига қарашли ташкилотлардан бирига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 13 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
А.Шокиров, ЎзА