Қинғир ишнинг қийиғи чиқди
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, дейишади. Инсоннинг аввал ишшончига кириб, кейин фирибгарлик йўли билан унинг бойлигини ўзлаштириб олмоқчи бўлган кимсанинг сири алабатта фош бўлади.
Жиззах вилояти Зафаробод тумани Беруний маҳалласида яшовчи Соттихон Алибоева (мақоладаги персонажларнинг исми шарифи-ўзгартирилган), ўғлини тез орада Жиззах Давлат педагогика институти талабаси бўлишига ишончи комил эди. Чунки у, “Болангизни “любой” олийгоҳга киритиб қўя оламан, тўлови нақд бўлса бас”, дея “кафолат” берган Шароф Рашидов тумани “Учтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Олғирбой Фириббоевга ишониб, оз эмас-кўп эмас 25 миллион сўмни нақд санаб берганди.
2020 йилнинг июнь ойида берилган “кафолат” ва олинган пулдан сўнг, ўтган йилги тест синовлари, ундан кейин яна бир неча ойлар ўтди ҳамки, зафарободлик Соттихон опанинг ишончига кириб олган Олғирбой на уни ўғлини ўқишга киритди ва на олган пулларини қайтарди.
Алданганлигини тушуниб етган Соттихон опа Олғирбойдан берган 25 миллион сўм маблағини сўрай бошлади. Аммо фирибгарликда каттагина тажриба ортиб олган, бу борада анчагина “эти қотиб” улгуран Олғирбой Фириббоев, опага, ўтган йили пандемия халал бергани, бу йил унинг арзандасини албатта ўқишга киритишини, фақат жорий йилги нархлар сал ўзгарганини, ўша 25 миллионни ёнига яна озроқ қўшса, боласи “бюджет”га ўтиши “гарантия” эканини айтиб, яна Соттихонни чув туширмоқчи бўлади.
Аммо кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади, деганларидек, Соттихон Алибоева ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаса, Олғирбойга берган пулларини қайтариб ололмаслигига кўзи етган чоғи, ниҳоят жабрланувчи ички ишлар органларига мурожаат қилди.
Мутасадди идора ходимлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан Олғирбой Фириббоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
А.Қаюмов, ЎзА