Қидирувдаги ота топилиб, алимент пули ундирилди
Турмушда учраб турадиган оддий, сабабсиз жанжал ва тортишувлар ота-оналарнинг ажрашиб кетишига сабаб бўлиб, бунинг натижасида ўртадаги бегуноҳ фарзандлар ота меҳрисиз ўсиб-улғаймоқда.
Айрим оталар фарзандларининг келгуси тақдири ҳақида умуман ўйламайди. Уларга меҳр кўрсатиш у ёқда турсин, моддий таъминлашни хаёлларига ҳам келтирмайди.
Хусусан, Мажбурий ижро бюросининг Навбаҳор туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 2019 йил 15 майдаги қарздор Т.Р.дан ундирувчи М.Н. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Қарздор 2019 йилнинг май ойидан буён алимент суммаларини тўламасдан келганлиги сабабли, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Бироқ қарздор яшаш манзилидан топилмагач, давлат ижрочилари томонидан 2020 йил 30 декабр куни унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Қидирув ҳаракатлари давомида қарздор топилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.
Натижада қарздор ота 2019 йилнинг май ойидан 2021 йилнинг декабрь ойига қадар ҳисобланган 25 миллион сўм алимент тўловини тўлиқ тўлади.
Абдували Бўриев, ЎзА