Қидирувдаги “Жентра” автомашинаси топилди
Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси Қидирув бўлими томонидан 91 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган фуқаронинг қидирувдаги “Жентра” русумли автомашинаси аниқланиб, ушланди. Транспорт воситаси белгиланган тартибда жарима майдонига жойлаштирилди.
Тезкор-қидирув тадбирлари ижро ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни таъминлаш мақсадида ўтказилди. Тадбирлар давомида аниқланган автомашинага нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
Маълум бўлишича, мазкур автомашина эгасининг 91 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлиги мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 50 миллион 800 минг сўмни ташкил этади.
Ҳозирда транспорт воситасини белгиланган тартибда баҳолаш ва аукцион савдосига чиқариш чоралари кўрилмоқда. Аукциондан тушган маблағларни қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳужжатларида кўрсатилган мажбуриятларни қоплашга йўналтириш назарда тутилган.
Қидирув тадбирларининг самарали ташкил этилиши ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, қарздорликларни ундириш ва қонуний талабларнинг амалда бажарилишида муҳим аҳамият касб этади.
– Фуқаролар суд ва бошқа ваколатли органлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида ва ихтиёрий равишда бажаришлари зарур. Акс ҳолда, қонунчиликда назарда тутилган мажбурий ижро чоралари қўлланилиши мумкин. Шу боис ҳар бир қарздор ўз мажбуриятини ўз вақтида бажариши, бу орқали ортиқча оворагарчилик ва қўшимча ижро чораларининг олдини олиши лозим, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси Қидирув бўлими ходими Шавкат Саркаев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири