Қидирувда бўлган оталар топилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи қарздор Н.Нўмонов суднинг 2016 йил 14 ноябрдаги қарорига асосан ундирувчи И.Рамазоновага бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим.
– Қарздор Н.Нўмонов 42 миллион сўм алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб, яширинган, – дейди Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси қидирув инспектори Жасурбек Бозоров. – Қидирув натижасида ушланди. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар Н.Нўмоновга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47 прим 4-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Худди шундай, қарздор Қ.Ҳамроев собиқ турмуш ўртоғи Н.Болтаева фойдасига 29 млн. 577 минг сўм, қарздор У.Тошев ундирувчи М.Муқимова фойдасига 2 млн. 939 минг сўм, қарздор М.Джумаев собиқ турмуш ўртоғи Н.Хабибова фойдасига 6 млн. 767 минг сўм Когон шаҳрида яшовчи қарздор А.Боймуродов собиқ турмуш ўртоғи Ф.Худоёрова фойдасига 39 млн. 315 минг сўм, қарздор Ж.Макулов собиқ турмуш ўртоғи Ш.Эргашева фойдасига 20 млн. 637 минг сўм, Шофиркон туманида яшовчи қарздор М.Халлоқов турмуш ўртоғи Л.Зиёдуллоева фойдасига 4 млн. 928 минг сўм алимент тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлади. Натижада қидирувда бўлган ушбу қарздорлар ҳам ушланиб, суднинг қарори билан маъмурий қамоқ жазосига тортилди.
Алимент мажбуриятини бажармаслик муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади. Аммо тайинланган жазо оталарни алимент қарздорлигини тўлашдан асло озод қилмайди.
Зариф Комилов, ЎзА