Қатағон қурбонлари: Миллат тақдири учун ёниб яшаган Орифжон Олимжонов
Тарихнинг энг оғир, энг шафқатсиз саҳифаларида ҳам миллат учун ёниб яшаган, халқ келажагини ўз тақдиридан устун қўйган инсонлар бўлади. Ана шундай фидойи, оташқалб ва маърифатпарвар сиймолардан бири Орифжон Олимжонов эди.
У 1898 йил Жиззахда мироб-деҳқон Олимжон Мирфайзулла ўғли оиласида дунёга келди. Болалиги меҳнат, қийинчилик ва изланишлар оғушида кечди. Аввал эски мактабда, кейин рус-тузем мактабида таҳсил олган Орифжон ёшлигиданоқ илмга чанқоқ, фикри теран ва орзулари юксак йигит сифатида танилди.
Жиззах қўзғолонидан кейин Самарқандга йўл олган навқирон йигитнинг ҳаётида янги босқич бошланди. У янги мактабда билим олди, сиёсий ва ижтимоий жараёнларга фаол аралаша бошлади. Самарқанд область комсомол кўмитасида иш бошлаган Орифжон тез орада ташкилотчилик қобилияти, қатъияти ва ватанпарварлиги билан эътибор қозонди.
— Орифжон Олимжонов ўз даврининг оддий амалдори эмас, балки миллат маърифати ва ёшлар келажаги учун курашган жасур зиёлиларидан бири эди, — дейди Жиззах давлат педагогика университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Бахтигул Эргашева. — Унинг фаолиятига назар ташласак, ҳар бир қадами ортида халққа хизмат қилиш ғояси турганини кўрамиз.
Комсомол қўмитаси уни Жиззахга вакил қилиб юборди. Орифжон Олимжонов Муҳаммаджон Файзуллин, Исоқ Холмуҳаммедов, Азимжон Олимжонов, Ҳайдарбек Абдужабборов, Шоди Бобоев каби фидойи ёшларни ўз атрофига жамлади. Улар халқ орасида маданий-маърифий ишларга кенг йўл очишди.
Айниқса, Орифжон Олимжонов ташаббуси билан Жиззахда биринчи ёшлар клубининг ташкил этилиши ўша давр учун катта воқеа эди. Бу клуб қисқа вақт ичида сиёсий, маданий ва маърифий марказга айланди. У ерда саҳна асарлари қўйилар, қўшиқлар янграр, ёшлар қалбига янги дунёқараш уруғлари қадаларди.
1920 йил 10 июнь куни партия сафига қабул қилинган Орифжон Олимжонов кейинчалик ЧЕКА ва милиция органларида сиёсий ходим бўлиб ишлади. 1922 йил Жиззах шаҳар комсомол қўмитасининг биринчи секретари этиб сайланди. Унинг саъй-ҳаракати билан ёшлар ҳаракати Ўсмат, Сангзор, Боғдон, Зомин, Ғаллаорол, Ёйилма, Қорақишлоқ каби ҳудудларгача кириб борди.
1922 йилларда Сирдарё ҳудудидаги ижтимоий-сиёсий вазият мураккаблашган бир паллада Туркистон комсомол қўмитаси Орифжон Олимжоновни Сирдарё уезди қўмитасининг биринчи секретари вазифасига юборди. Кейин Жиззах шаҳар партия қўмитасида масъул котиб бўлиб ишлади. Шу билан бирга, Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси қурултойига делегат этиб сайланди.
— Унинг фаолиятида энг муҳим жиҳатлардан бири — халқни саводли қилиш ва маърифатни кенг ёйишга бўлган юксак интилишдир, — дейди Бахтигул Эргашева. — Орифжон Олимжонов нафақат ташкилотчи, балки миллат келажагини илмда кўрган маърифатпарвар шахс бўлган.
1926 йилдан халқ маорифи соҳасида фаолият юритган Орифжон Олимжонов Тошкент округи ва шаҳар халқ маорифи бўлимларига раҳбарлик қилди. Кейинчалик Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия қўмитасида мактаб-маориф ҳамда маданият ва санъат масалалари бўйича референт вазифасида ишлади. Ўша вақтдаги Республика оқсоқоли Йўлдош Охунбобоевнинг ёрдамчиси-котиби сифатида ҳам фаолият кўрсатди.
У жуда сермутолаа инсон эди. Газета ўқимасдан иш бошламас, ҳар бир хатга эътибор билан жавоб қайтарарди. Масалаларга мантиқий, аниқ ва тўлақонли ёндашув унинг ҳаёт мезонига айланганди.
Орифжон Олимжонов янги алифбога ўтиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этди. Янги алифбо қўмитасининг масъул котибти сифатида Самарқанд ва Тошкентда қисқа муддатли курслар ташкил қилди. Республика газеталарида янги алифбони тарғиб этиш ишларига бош-қош бўлди. 1928 йилда ташкил этилган “Аланга” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида ҳам маърифат йўлида хизмат қилди.
Унинг “Бугунги ишни сира эртага қолдирмаслик керак” деган ҳаётий шиори бутун фаолиятининг мазмунига айланган эди.
Аммо миллат учун хизмат қилган бундай фидойи инсонлар қатағон шамолидан омон қолмади. Ичи қора, ғаламис кимсалар туҳмати билан Орифжон Олимжонов 1932 йил 14 октябрда ОГПУ Ўрта Осиё бўлими томонидан 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинди. У Соловей лагерида жазо ўтаётган пайтда 1937 йил 9 октябрда Ленинградга олиб келиниб, “учлик” ҳукми билан отиб ташланди.
— Қатағон йиллари миллатнинг энг сара фарзандларини юлиб кетди. Орифжон Олимжонов ана шундай қурбонлардан бири эди, — дейди Бахтигул Эргашева. — Аммо унинг номи, амалга оширган ишлари ва халқ учун қилган хизматлари халқ хотирасидан ҳеч қачон ўчмайди.
Адолат қарор топиши учун орадан йиллар ўтди. Орифжон Олимжонов 1974 йил 30 августда собиқ ЎзССР Олий суди томонидан оқланди. Бу хабар унинг ўғли — тиббиёт фанлари доктори, профессор Ўктам Ориповга етказилди.
Орифжон Олимжонов турмуш ўртоғи Қимматой Мулла Очилди қизи билан 6 нафар фарзандни вояга етказди. Қизи Хайринисо Орипова соғлиқни сақлаш соҳасида самарали меҳнат қилиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор” унвонига сазовор бўлди. Ўғли Ўктам Орипов эса тиббиёт илмида юксак марраларни эгаллаб, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги даражасигача кўтарилди. У инсон органларини кўчириб ўтқазиш бўйича минтақадаги илмий марказ асосчиларидан бири сифатида тарихда қолди.
– Бугун Жиззах шаҳрида унинг жияни Маматқул Иномов ва невараси Муҳаммадсултон Орипов истиқомат қилади, – дейди Бахтигул Эргашева. – Улар билан суҳбат қилганимизда, Орифжон Олимжоновнинг жасорати, инсонпарварлиги ва халқ олдидаги унутилмас хизматлари ҳақидаги хотиралар яна бир бор қалбларимизни тўлқинлантирди.
Чунки миллат учун ёниб яшаган инсонлар умри қисқа бўлиши мумкин, аммо уларнинг номи халқ хотирасида абадий яшайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири