Қашқадарёлик ёш китобхонлар аниқланди
Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини янада шакллантиришда ҳудудларда ташкил этилаётган “Ёш китобхон” кўрик-танловларининг ҳам ўрни аҳамиятли бўлмоқда. Бугун мазкур танловнинг Қашқадарё вилояти босқичига старт берилди ва бир гуруҳ китобга меҳр қўйган воҳалик ёшлар ўз иқтидорларини яна бир бор синовдан ўтказди.
Кўп китоб ўқиган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Айниқса ёшларнинг китоб мутолаасига қизиқишининг ошиши ҳар жиҳатдан муҳимдир. “Ёш китобхон” танловида иштирокчилар қамровининг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ҳам юқоридаги фикрларимиз исботи.
Қарши шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган кўрик-танловнинг вилоят босқичида 10 ёшдан 14 ёшгача, шу билан бир қаторда, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган 30 нафар ёш ўз билим ва иқтидорини намойиш этди.
[gallery-1289]
Танловнинг биринчи кунида туман (шаҳар) босқичларида энг юқори натижаларни қўлга киритган, иккинчи кунида эса 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган 15 нафар китобхон ёш иштирок этди. ''Буюк мутафаккир ва адиб'', ''Бадиий асарлар билимдони'', ''Эркин мавзу'' каби 3 шарт асосида олиб бориладиган танловда иштирокчилар ўқиган китоблари бўйича билимларини синовдан ўтказди.
Аҳамиятли томони шундаки, ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган 1 нафардан жами 3 нафар иштирокчилар кўрик-танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
– Танлов таассуротларга бой тарзда ўтди. Боиси кўплаб дўстлар ва тажриба орттирдим, – дейди ҚарДУ филология факультети талабаси Ҳайитой Ҳомитова. – Аслида болалагимдан китоб мутолаа қилишга қизиқаман ва шунинг ортидан кўплаб ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқиб чиқишга эришдим. Бугун ўша олган билимларим асқотди ва танловда фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. Албатта, бу зиммамга янада каттароқ масъулият юклайди. Эндиликда изланишларимни янада кучайтираман. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, китоб ўқимаган миллатнинг келажаги бўлмайди. Бу ғоя менинг ҳаётдаги шиоримга айланган. Насиб этса, танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб иштирок этаман.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА