Қашқадарёда тест синовлари шаффофлик билан ўтмоқда
Мамлакатимиз бўйлаб 2026-2027 ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига қабул бўйича тест синовларига старт берилди. Қашқадарё вилоятида ҳам абитуриентлар билим ва тайёргарлигини синовдан ўтказадиган муҳим жараён юқори савияда ташкил этилмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоятда тест синовлари 14-23 июль кунлари, жами 10 кун давомида ўтказилиши мўлжалланган. Унда 59 минг 434 нафар абитуриент иштирок этади. Шундан 26 минг 747 нафари эркаклар, 32 минг 687 нафари хотин-қизлардан иборат.
Тест синовлари Қарши шаҳридаги тўртта секторда ташкил этилмоқда. Жумладан, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Қашқадарё вилояти бўлими биносининг “А” ва “Б” секторлари ҳамда Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази манежининг “А” ва “Б” секторларида абитуриентлар имтиҳон топширади.
Имтиҳонлар ҳар куни икки сменада ўтказилиб, ҳар бир сменада 3 минг нафардан, бир кунда эса жами 6 минг нафар абитуриент тест синовларида қатнашиши режалаштирилган.
Тест ўтказилаётган биноларда жараённинг шаффофлиги ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Барча аудиториялар стол-стуллар, гуруҳ кўрсаткичлари, етарли миқдорда ичимлик суви ва ручкалар билан таъминланган. Шунингдек, назорат камералари, юзни таниш технологиясига асосланган қурилмалар ҳамда тест жараёнларини онлайн трансляция қилувчи камералар ўрнатилган.
Абитуриентлар учун қулайликларни янада ошириш мақсадида тест ҳудудларида бир қатор шароитлар яратилди. Хусусан, ота-она ва ҳамроҳлар учун соя-салқин кутув жойлари ташкил этилди, ўриндиқлар ўрнатилди. Абитуриентлар шахсий буюмларини вақтинча сақлаш учун махсус жавонлар жойлаштирилди. Рухсатномани чоп этмаганлар учун интернетга уланган компьютер ва принтерлар тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, ота-оналар тест жараёнини онлайн кузатиши учун катта экранли мониторлар ўрнатилди.
[gallery-30414]
– Ёзнинг иссиқ кунларида санитария талабларига қатъий риоя этиш мақсадида тест биноларидаги ҳарорат доимий назорат қилинмоқда, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Анвар Ўткиров. – Бунинг учун вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан бинолар махсус термометрлар билан таъминланган. Кондиционерлар ва видеокузатув қурилмаларига мос электр тармоқлари тайёрланиб, зарурат ҳолати учун захира электр таъминоти ҳам шакллантирилган. Бу борада навбатчилик асосида масъул мутахассислар фаолият юритади.
Қисқача айтганда, Қашқадарё вилоятида олий таълим муассасаларига қабул бўйича тест синовларини адолатли, шаффоф ва хавфсиз ташкил этиш, абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш юзасидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.
Тест синовлари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари