Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкентда жорий йилнинг 1-8 август кунлари шахматнинг рапид ва блитс йўналишлари бўйича 9-17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ҳамда 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Испания, Венгрия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Словения, Россия, БАА, АҚШ ва бошқа бир нечта давлатидан келган 300 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун дона сурди.
Ушбу жаҳон чемпионатида Чироқчи туманидаги 1-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Хондамир Элмирзаев юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 2 та бронза медалини қўлга киритиб, шахматнинг рапид ва блитс йўналишларида 15 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида 3-ўрин соҳибига айланди.

***
Қарши шаҳри ҳокимлиги делегациясининг Россия Федерациясининг Рязан областига ташрифи чоғида Россиядаги етакчи корхоналардан бири “Фабрикант” компанияси билан ҳамкорликда Қаршида мебель ишлаб чиқариш қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганди.
Мазкур келишувни амалга ошириш мақсадида “Фабрикант” компанияси раҳбарлари Қарши шаҳрига ташриф буюриб, ёшлар кичик саноат зонасида бўлди. Дастлабки босқичда “Фабрикант” компанияси томонидан тўғридан-тўғри 5 миллион доллар инвестиция киритилиб, ёшлар саноат зонасидаги бўш турган бинода мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Корхона ишга туширилгач, бу ерда маҳаллий ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.


***
Китоб тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими, туман ҳокимлиги, туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Унда тумандаги мавжуд 97 та умумтаълим мактаби 124 та вакант ўрни билан иштирок этди. Жараёнларда туман ҳокимлиги масъуллари ҳам қатнашиб, меҳнат бозорига кириб келаётган ёш кадрлар ҳамда мактаб директорлари билан мулоқот қилди ва уларнинг бугунги тадбир бўйича фикрлари билан қизиқди.


Шу куни ОТМни тугатган 85 нафар ёш таълим муассасаларига ўз соҳалари ва йўналишлари бўйича ишга қабул қилиниб, улар билан меҳнат шартномалари имзоланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири