Қашқадарё хабарлари –қисқа сатрларда
Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга бориш йўлини қуриш лойиҳалари таклиф этилмоқда.
Ушбу йўлни қуришни режалаштираётган Хитой компанияси 3 та вариантни тақдим этмоқда. Унда кесишадиган катта йўллардан кўприклар орқали ўтиш ҳисобига ҳам турли автоҳалокатларнинг олдини олиш, ҳам манзилга етиб бориш вақти қисқаришига эришилади.
Лойиҳалар тақдимоти билан танишган вилоят ҳокими Муротжон Азимов аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларига зарар етказмаслик, сносларни кўпайтирмаслик бўйича ўз тавсияларини берди.


Таъкидланишича, ушбу лойиҳалардан бири амалга ошириладиган бўлса, замонавий автомобиль йўли пайдо бўлиши ортидан Шаҳрисабзга 1 соатга қолмай етиб бориш мумкин.
***
Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятида тиббиётни ривожлантиришга қаратган эътиборининг яна бир меваси сифатида юртимиз мустақиллигининг 33 йиллик тантаналари арафасида Деҳқонобод туманининг Белибойли маҳалласида жойлашган туман марказий шифохонасининг Белибойли филиали биноси давлат дастури асосида қайта таъмирланиб, қўшимча бино қурилиб, замонавий кўринишга келтирилди.
Мазкур шифохона ушбу ҳудуддаги 3 та маҳаллада истиқомат қилувчи 11 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат қилади. У ерда даволанувчиларга етарлича қулайликлар яратилди.


***
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиали томонидан, истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Кўкдала туманидаги “Еттитом” подстанциясининг қувватини ошириш мақсадида ортиқча юклама билан ишлаётган куч трансформаторларини ҳар бирининг қуввати 40 минг кВА бўлган 2 та трансформаторга алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.


Қурилиш-монтаж ишлари якунига кўра, Чироқчи ва Кўкдала туманлари истеъмолчиларининг электр энергияси билан боғлиқ бўлган муаммолари бартараф этилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири