Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Қашқадарёда вилоят раҳбари бошчилигида секторлар раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 24 нафар чин етим ёшга хонадонлар калитлари топширилди.
– Ниятимиз улар мана шу хонадонларида, яъни Ватан ичидаги кичик ватанларида бахтли оила қуриб, эзгу орзу-ниятларига етиб яшасин. Билими, касб-ҳунари билан эл корига камарбаста бўладиган, юртга содиқ инсонлар бўлиб камол топишсин, – деди вилоят ҳокими Муротжон Азимов ўз табригида.


Уй-жойлар калитини тантанали топшириш маросимида сўз олган ёшлар Президентимизга ўз миннатдорчилигини билдириб, келажакда Ватанимизга хизмат қиладиган етук инсонлар бўлиб етишишга ваъда берди.
***
Муборак туманида камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор ишлар қилинмоқда.

Жумладан, Муборак тумани марказида “Муслима Брависсимо” МЧЖ раҳбари тадбиркор Меҳринисо Яшузакова “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида банкдан 700 миллион сўм кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирди.

Эндиликда тадбиркор томонидан новвойчилик, қандолатчилик, тикувчилик цехлари, ўқув курси ташкил этилиб, 40 нафарга яқин янги иш ўрни очилиб, жами 60 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Куни кеча ушбу МЧЖнинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
***
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Шаҳрисабз туман болалар шифохонасига ривожланган хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан зиёд бўлган замонавий жарроҳлик ва жонлантириш ускуналари келтирилди.

Ушбу ускуналарда жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга ошириш имкони ортади. Қолаверса, болаларда қорин бўшлиғи билан боғлиқ жарроҳлик амалиётлари тиғ теккизмасдан амалга оширилади. Бу ускуналар Қашқадарёда ягона ҳисобланади.

Даволанаётган болажонларга байрам муносабати билан вилоят ҳамда туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири