
Юртимиз ўзининг бой тарихий, маданий мероси ва миллий қадриятлари билан дунё сайёҳларини ўзига ром этиб келади. Бу эса мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юқори эканлигидан далолатдир. Шу боис ҳам сўнгги йилларда миллий иқтисодиётнинг муҳим драйверига айланаётган туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўтган 2024 йилда тадбиркорларнинг 6,5 триллион сўм сармоялари билан 24 минг ўринли меҳмонхоналар ишга тушди. Жами 3 млрд. 489,5 млн. доллар туризм хизматлари экспорти, шу жумладан, 218 млн. доллар тиббиёт ва таълим туризми экспорти амалга оширилди. Хорижий мамлакатларда республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Туризм қўмитасининг Буюк Британия, Япония, Хитой, Германия ва АҚШдаги туризм вакиллари ва туризм бренди элчиси тайинланди.
Бу ҳақда парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда туризмни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг ишга солинмаган сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва бунинг натижасида янги иш ўринларини ташкил этиш борасида ўз таклиф-тавсияларини билдирди.
Шунингдек, йиғилишда таълим-тарбия соҳасидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, боғчаларга болалар қамровини ошириш ҳамда қулай шарт-шароит яратиш йўналишида 96 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, жами боғчалар сони 6 минг 915 тага етди. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони эса 31 минг 140 тага етказилди. Бунинг натижасида қамров даражаси 76 фоизга етди.
10 минг 160 та мактабга 61,8 млрд. сўмлик спорт жиҳозлари, 46 млрд. сўмлик миллий мусиқа чолғу асбоблари, 2 минг 213 та компьютер етказиб берилгани айтиб ўтилди. 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 100 та мактабнинг 10,5 мингдан ортиқ ўқувчиси учун бепул мактаб автобуси қатнови йўлга қўйилган.
Муҳокамаларда фракция аъзолари таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқиш, педагог ва тарбиячилар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш юзасидан қатор таклифлар бериб, амалий ишларга кўпроқ аҳамият қаратиш кераклигини илгари сурди. Шунингдек, бошқа йўналишлардаги бюджет ижроси бўйича ҳам қатор фикр ва таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА