Қарзини тўламади – кошонасини бой берди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан М.Ҳайитованинг фойдасига 47 минг 700 АҚШ долларини ундириш бўйича ҳукм чиққан.
Мазкур миқдорни сўм қийматида ундириш бўйича эса ҳужжат Мажбурий ижро бўлимига келиб тушади.
Шунга кўра, Юнусобод туман 18-мавзеда жойлашган хонадон ундирувчи номига расмийлаштирилиши белгиланди.
Яъни юқоридаги қиймат ҳисобига қарздордан уй ундируви амалга оширилди. Ушбу хонадон нархи аслида 47 минг 700 АҚШ доллардан кўра қимматроқ. Бироқ, вақтида тўланмаган қарз сабаб мазкур шинам хонадон қўлдан бой берилди.
Ижро ҳаракатларида қарздор М.Эгамбердиевнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларига вақтинча чек қўйилди. Хонадонни қайта расмийлаштириш ва кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасига юклатилди. Натижада, кадастр ҳужжатлари М.Ҳайитова номига расмийлаштириб берилди.
Хулоса қилганда, вақтида тўланмаган қарздорликлар қарздан кўра қимматга тушиши ва йирикроқ талафотларни келтириб чиқаришини мазкур ҳолат айтиб турибди.
ЎзА