Қарздорлик мол-мулк ҳисобидан ундирилмоқда
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг 2021 йил 20 мартдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор “Электрокимёзавод” ҚК АЖдан солиқ органи фойдасига 11 млрд. 892 млн. 820 минг 300 сўм солиқ қарзи, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг қарорига асосан, 157 нафар ишчи-ходимга 683 млн. 554 минг сўмлик иш ҳақларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлар Мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган эди.
– Ижро жараёнида жамият мутасадди раҳбарлари бу қарздорлик бўйича бир неча бор огоҳлантирилган, банк ҳисобрақамларига давлат ижрочилари томонидан электрон инкассо топшириқномалари юборилган, – дейди Бюронинг вилоят бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича шўъба инспектори Ўткир Авезов. – Аммо қарздорлик белгиланган муддатларда бартараф этилмаган. Натижада жамият балансида бўлган 11 та бино ва 1 та КТП-110/10 кв. РП-1-3-5-6 ним станция хатланиб, электрон онлайн савдода сотиш учун чиқарилган. Ушбу мулклар 2021 йил 26 июлда 3 млрд. 496 млн. 543 минг 226 сўмга сотилиб, сотувдан тушган маблағлар қарздорликни қоплашга йўналтирилди ва 157 нафар ишчи-ходимнинг иш ҳақлари тўлаб берилди.
Албатта, мақсад қайсидир корхонанинг фаолиятига тўсқинлик қилиш эмас, жойларда қонун устуворлигини таъминлашдир.
Абдували Бўриев, ЎзА