Қарздор ота беш йиллик алиментни олдиндан тўлади
Ширин шаҳрида қарздор ота вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ҳисобланган 120 миллион сўмлик беш йиллик алимент маблағини олдиндан тўлади. Шу муносабат билан унга нисбатан қўлланилган чет давлатларга чиқиш ҳуқуқини чеклаш чораси бекор қилинди.
Мажбурий ижро бюросининг Ширин шаҳар бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатига кўра, қарздор Б.Х.дан ундирувчи З.Х. фойдасига вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган эди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор алимент тўловлари бўйича ўз мажбуриятини бажармагани сабабли унга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган мажбурлов чоралари қўлланилиб, жумладан, чет давлатларга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган.
Кейинчалик қарздор хорижга ишлаш мақсадида мамлакатдан чиқиш истагини билдириб, мазкур чекловни бекор қилиш юзасидан давлат ижрочисига мурожаат қилди. Давлат ижрочиси томонидан унга ижро ҳужжатида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, алимент тўловларини олдиндан амалга ошириш тартиби атрофлича тушунтирилди.
Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан ҳисоб-китоб қилинган 120 миллион сўм миқдоридаги беш йиллик алимент маблағи тўлиқ тўланди. Бу билан фарзанднинг келгуси беш йиллик моддий таъминоти кафолатланди.
Алимент маблағи тўлиқ тўланганидан сўнг, қонунчилик талабларига мувофиқ, қарздорга нисбатан қўлланилган чет давлатларга чиқиш ҳуқуқини чеклаш чораси бекор қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири