“Қалқон” финалга йўлланма олди
Жиззах вилоятининг чегараолди туманларидаги умумтаълим мактабларининг 10-, 11-синф ўқувчилари ўртасида республика “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
ДХХ Чегара қўшинлари томонидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги, мактабгача ва мактаб таълими вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу беллашувда ўз туманларида ғолибликни қўлга киритган умумтаълим мактаблари жамоалари иштирок этди.
Мусобақанинг бош ғояси ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, давлат манфаатларини ва суверенитетини ҳимоя қилишга қодир жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни камол топтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ўз юрти ва халқининг тақдири учун қайғурадиган, масъулият ва жавобгарликни ҳис қиладиган ўғил-қизларни тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини оширишдан иборатдир.
[gallery-17155]
Мусобақа Низомига кўра, жамоалар саф кўригидан ўтди. Сўнг уларнинг махсус кийим-бошлари, ҳарбий варақалари, альбом, вимпел, автоматлар макети ва рамзий байроқларига баҳо берилди.
Югуриш беллашувларида эса қиз болалар 100, ўғил болалар 1000 метр масофани босиб ўтган бўлса, жанговар автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, турникда тортилиш, граната улоқтириш шартларини ижро этиш иштирокчилардан жисмоний тайёргарлик, аниқлик ва чаққонликни талаб этди.
Якуний хулосаларга кўра, Янгиобод тумани шарафини ҳимоя қилган 13-сонли умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, беллашувнинг республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Иккинчи ва учинчи ўринлар Мирзачўл туманидаги 8-умумтаълим мактабининг “Ватанпарвар” ҳамда Зомин тумани 60-сонли умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари