Қалбларни забт айлаган шеър
Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 84 йиллиги олдидан
Шундай шеърлар бўладики, улар ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилгач, тезда тилга тушади, машҳур бўлиб кетади. Агар ўзбек замонавий шеъриятига назар солсак, бундай шеърлар анчагина бўлиб, улар қаторида Чўлпоннинг “Гўзал”, Усмон Носирнинг “Юрак”, Ойбекнинг “Наъматак”, Ғафур Ғуломнинг “Вақт”, Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда”, “Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” ҳамда яна кўплаб замондош шоирларимизнинг шеърларини санаб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Биринчи муҳаббатим” шеъри ҳам ўзининг мазмундорлиги, ҳиссиётларга бойлиги, қолаверса, машҳурлиги билан ажралиб туради. Шоирнинг мухлислари орасида бу шеърни билмагани жуда кам десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, бу шеър Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев томонидан айтилгач, янада машҳур бўлиб кетди. Албатта, бу шеър ҳақида жуда кўп адабиётшунос олимлар, мухлислар ёзишган, ўз фикр, мулоҳазаларини билдиришган. Лекин яхши шеър ҳар бир кўнгилда ўзига хос туйғу, фикрлар уйғотади. Мен ҳам бир мухлис сифатида мазкур шеърдан олган ҳайрат, таассуротларимни оқ коғозга туширишга карор килдим.
Биласиз, шеър “Кеча оқшом фалакда, ой бўзариб ботганда...” мисраси билан бошланади. Бу мисра ўзининг гўзаллиги, кутилмаганлиги, янгилиги билан бирдан эътиборимизни тортади. “Зуҳро юлдуз милтираб, хира ханда отганда...” мисрасидан кейин эса сиз бутунлай шеърга боғланиб қоласиз. Аввало, мазкур мисрадаги юлдузнинг “хира ханда” отиши сизни ҳайратлантиради, шоир – лирик қаҳрамон кайфияти сизга ҳам юқа бошлайди. Ушбу мисралар нафақат ўзининг кутилмаганлиги, янгилиги билан, балки кўнгилга яқинлиги, табиийлиги билан ҳам мафтун қилади. Шеърнинг давомини ўқиймиз: “Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда...” Бу ерда “маъюслик” билан “сокинлик” сўзларининг кетма-кетлиги нақадар муваффақиятли чиққанини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Шунингдек, мазкур мисра табиат ва инсоннинг ажралмас, бир бутун эканини ёдга солади.
Шеър давом этади:
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.
Лирик қаҳрамон (шоир) биринчи муҳаббатини эслаб, хаёлга толиш жараёнида ўтган умрига назар солади, хулосалар чиқаради:
Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айри ҳам тушдим баъзан қалб билан, имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.
Дарҳақиқат, ҳамма ҳам ёшликнинг, қолаверса илк муҳаббатнинг қадрига етавермайди, охир-оқибат ғафлатда қолади. Бу эса вақти келиб, уларнинг бир умр пушаймон қилиб, айрилиқдан азоб чекишига сабаб бўлади. Чунки ўтган вақт, умрни орқага қайтариб бўлмайди. Бошқача айтганда, хатони тузатишга имкон қолмайди. Эътибор бераётган бўлсангиз, шоир “ғафлатда қолдим” эмас, “ғафлатда қотдим” демоқда. Мабодо бунинг акси бўлганида, биринчидан, қофияга заҳа етарди, иккинчидан лирик қаҳрамон ҳолати тўла намоён бўлмасди, учинчидан мисранинг таъсир кучи камайиб кетарди. Шарқнинг улуғ олими, мутафаккири ва шоири Умар Ҳайём бир тўртлигида инсоннинг дунёга келиб, кетишининг сабаби сир, номаълум экани ҳақида ёзади. Тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино бобомиз эса жуда кўп ўқиб, ўргангани, илм эгаллагани, бунинг оқибатида ҳали ҳеч нарса билмаслигини англаб этганини таъкидлайди. Ҳақиқатдан ҳам бу дунё сир-синоатларга тўлиб-тошиб ётибди. Буни юракдан ҳис қилган шоир ёзади:
Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон доимо бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.
Кўплар дунёга нисбат берганларида ёруғ, қоронғу, зулмат, ўткинчи, бебақо, бевафо, кенг, тор каби сўзларни ишлатишади. “Биринчи муҳаббатим”нинг изтиробларга кўмилган лирик қаҳрамони (А.Орипов) эса дунёни туйнуксиз қасрга ўхшатади. Ажойиб, оҳори тўкилмаган ўхшатиш, шундай эмасми?! Кўз олдингизда дарров улкан, муҳташам қаср намоён бўлади. Афсуски, бу қасрнинг бирор туйнуги йўқ. Демак, унга ҳаво ҳам, нур ҳам кирмайди. Ҳавосиз, нурсиз жойда эса яшаб бўлмайди. Лекин шундай шароитда ҳам инсон “бир ҳис” – муҳаббатга асир бўлади, суянади. Лекин баъзан ёшлик қилиб, муҳаббатнинг ана шундай улуғ қудрати ва сеҳрини сезмаймиз, унга бепарво муносабатда бўламиз.
Ҳолбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай кулганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ,
Эрта хазон гул каби очилиб, сўлганим йўқ...
Шубҳасиз, инсон тирик экан, умид билан яшайди, олдин йўл қўйган хатоларининг аламини эса вақт ўтиши билан унутади. Аммо биринчи муҳаббатнинг яраси битмайди, алам-қайғуси юракни мангуга тарк этмайди. Шундан бўлса керак, уни эслаганда, кўзга ёш келади, бағир тилинади:
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.
Дунёда муҳаббатдай кучли нарсанинг ўзи йўқ. Унга ҳар қандай ҳолатда бемалол суяниш мумкин:
Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай...
Лекин бепарволиги туфайли муҳаббатини йўқотган лирик қаҳрамон кимга, нимага суянишни билмайди, энди у фақат муҳаббатини эслаб, пушаймонлик оловида ёнишга мажбур:
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.
Шундай бўлсада, лирик қаҳрамон (шоир) барибир муҳаббатидан умидини узмайди. Унинг яна қайтишини интиқлик билан кутади, нидо бергил деб ўтинади, шарпасига қулоқ тутади:
Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен, бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.
Ушбу шеър ёзилган 60-йилларда бадиий ижодда “Аллоҳ” сўзини ишлатиш деярли мумкин эмас эди. Лекин лирик қаҳрамон (шоир) муҳаббатни “ёлғиз оллоҳим” дея улуғлайди. Бу А.Ориповнинг ўша пайтдаги ўзига хос жасорати эди.
Йиллар, асрлар ўтади. Лекин халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб, муҳаббат ҳақида битилган энг гўзал шеърлардан бири – “Биринчи муҳаббатим”нинг таъсир кучи, шеърхонларга улашувчи завқ, ҳайратлари асло камаймайди. Аксинча, ўзининг табиийлиги, ёрқин ифодаси, ибрати билан қалбларни мангуга забт этаверади.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси