Қалбимда порлайди миллат байроғи
Ҳар бир миллатнинг ўтмиш ва бугунини боғлаб турадиган, орзу-мақсадларини юксакларга кўтарадиган, эрк ҳамда тинчлик рамзи бўлган миллий байроғи, унинг дунё саҳналарида баланд ҳилпираши учун жон фидо қилган фарзандлари борлиги, айни ҳақиқат. Давлат рамзлари ҳамиша улуғ ва муқаддас саналади. Илло, у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир!
Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлигини намоён этади. Лекин дунёда бирорта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга давлат байроғидек танита олмайди.
Байроқ – миллатни, халқни улуғ мақсадлар томон бошловчи олий машъаладир. У қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик, осойишталик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган.
Буюк бобомиз Амир Темур ҳам давлат рамзларига жиддий эътибор қаратганини жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, Ватани байроғини баланд тутиши кераклиги тўғрисида фармон берганидан билса бўлади. Шу сабаб ҳам, буюк аждодларимиз ғолиблик байроғини юксакларга кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди.
Айни дамда Ватан байроғи деганда, кўз олдимизда бутун бир мамлакатнинг тимсоли, жаҳоннинг сиёсий-ижтимоий харитасидаги қиёфаси гавдаланади. Бугунги кунда ҳам дунё мамлакатларидаги кўплаб элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида байроғимиз ҳилпираб турибди.
Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари эса албатта, қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир”, деб белгилаб қўйилган. Миллий ғуруримиз саналган байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрат-шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган.
Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор. Албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.
Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир.
Юртимизнинг ҳар бир фарзанди: “Мен шу миллатнинг вакилиман, бир бўлагиман”, – дея мақсадлари сари дадил қадам ташласа, эришган ҳар қандай ютуғида юртимиз байроғини кўтариб, баланд ҳилпиратиб турса, биз ота-оналар учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Ишимиз сабаб кўплаб давлатларга хизмат сафари билан борамиз. Қайси бир мамлакат бўлмасин у ердаги элчихоналарда виқор билан ҳилпираётган байроғимизни, шунингдек, жаҳон ареналарида спортчиларимизнинг ғалабаларида миллат тимсоли бўлиб турган байроғимизни кўриб қалбимиз жўшиб кетади.
Донишмандлар айтганидек: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир...”. Ўзини Ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тан-у жони, юрак қони ила Ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак.
“Ватан – остонадан бошланади”, деганларидек Ватан ҳар бир кишининг ўз қалбидан бошланади. Яъни, ҳар кишининг қалбида Ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Ватаннинг бир зарраси эканини англамоқ киши учун ифтихор ва шарафдир. Шу сабабли Ватанни севмоқ, қадрламоқ, равнақи ва шон-шарафи учун хизмат қилмоқ керак.
Гулсанам НОРОВА,
“Тадбиркор аёллар” клуби аъзоси.
ЎзА.