Қалбан доим Ўзбекистон биланмиз!
Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Ўзбекистон Кинематография агентлигида АҚШлик таниқли мусиқий продюсер, композитор , Грэмми мукофотининг икки карра соҳиби Уолтер Афанасьефф ( Владимир Никитич Афанасьев) ҳамда АҚШда ижод қилаётган кино устаси Баҳодир Йўлдошев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Уолтер Афанасьефф Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида рус муҳожирлари оиласида таваллуд топди.
Афанасьефф кўп йиллар мобайнида Уитни Хьюстоннинг дебют альбоми боис жаҳонга ном қозонган Волден студиясида клавишли мусиқа асбобларида куй ижро этди, продюсерлик қилди, мусиқа аранжировкаси билан шуғулланди.
Афанасьефф "Соҳибжамол ва Махлуқ", "Оловуддин", "Фақат СЕН", " Тансоқчи" каби картиналарнинг саунтрекларини яратишга жалб этилган ижодкор. Унинг буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек ҳаёти, фаолиятига бағишлаб ишланган фильмга тайёрлаган мусиқаси кинокартинанинг муваффақиятида муҳим омил бўлди.
– Мирзо Улуғбекнинг мураккаб тақдири мени жуда қизиқтириб қўйди, – деди Уолтер Афанасьефф. – Бу ҳайрат ва қизиқиш фильм мусиқасининг муваффақиятида асосий омил бўлди.
Голливудда ижод қилаётган яна бир ижодкор Баҳодир Йўлдошев ўзбекистонлик кино устаси экани қувончлидир. Санъат мухлисларига унинг "Хайр, мактабим!" , "Аждодлар руҳи" каби мусиқий клиплари яхши маълум.
Баҳодир Йўлдошев ҳозир АҚШда клипмейкер ва режиссёр сифатида фаолият кўрсатади. У яратган "Улуғ Бек. Мушкулотлардан юлдузлар сари" ( "Улуг Бек. Через тернии к звездам" ) фильми Мирзо Улуғбек бобомизнинг мураккаб тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
– Мусиқа фильмнинг қалби, юрагидир, – дейди Б.Йўлдошев. – Бизнинг аждодларимиз тарих чархпалагини буткул ўзгартириб юборишга муваффақ бўлган. Гарчи АҚШда фаолият юритсам-да, юрагим доим Ўзбекистонда.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА