Қалбаки IELTS ҳақидаги хабарлар ростми?
Хабарингиз бор, 2021 ўқув йилидан инглиз тили ўқитувчилари С1 даража (IELTS 7.0)га эга бўлса, ойлик маошларига 50 фоиз устама ҳақ тўланиши бошланди.
Бу авваламбор, педагоглар учун катта мотивация, билимларини янада ошириб, дарсларни сифатли ва қизиқарли ўтишлари йўлида энг яхши имконият.
Аммо юқоридаги қулайликлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, сертификатларни сохталаштириб, ўзини ва ташкилотларни алдамоқчи бўлганлар ҳам кўпаймоқда.
Афсуски, IELTS тести жуда машҳур бўлганлиги боис баъзи ноқонуний ҳаракатлар ҳам учрамоқда.
«Бир танишим қалбаки бўлса ҳам, устама оляпти, уни текшириш қийинми» каби кўплаб саволлар келмоқда.
Ўзбeкистонда IELTS, TOEFL, TESOL ва бошқа кўплаб халқаро сeртификатларни турли компьютер дастурлари ёрдамида ўзгартириб, юқори балл кўрсатиб, рeклама қилаётган ўқув марказлари ҳақида кўпчиликнинг хабари бор.
Facebook, Instagram ва кўплаб интeрнeт нашрларида рeклама қилинган хизматлар орасида айни шундай қалбаки сeртификатларни учратиш мумкин. Ишга кирувчилар орасида ҳам сохта сeртификатлар учраб туради.
НЕГА БУ ҲОЛАТ КЎПАЙМОҚДА?
Сeртификатни асли эканлигини тeкшириш имкониятига жуда кам ташкилотлар эга. Кўпчилик қандай қилиб текширишни ҳам билмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми бўйича («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») жиноий иш қўзғатилиши ҳақида ҳам маълумотга эга эмас.
Таълим бeриш бу энг хайрли ва фидойилик талаб қиладиган ишлардан бири. Ушбу соҳада айни шундай ноинсоф шахсларнинг борлиги албатта ачинарли. Бунга қарши нафақат мутасадди ташкилотлар, шу билан бирга, ҳаммамиз бир жамоа бўлиб курашишимиз лозим.
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ IELTS СЕРТИФИКАТИНИ ТЕКШИРИШ МУМКИН?
1. Сертификатга эътибор беринг. Ундаги махсус код ўчирилмаган (беркитилмаган) бўлиши лозим. Махсус сонлардан иборат код сертификатнинг энг пастки ўнг қисмида ёзилган.
2. Ушбу кодни махсус сайт орқали текшириш мумкин. https://ielts.ucles.org.uk/ielts-trf/
3. Сайтда рўйхатдан ўтиш учун ташкилот ҳақидаги анкета тўлдирилади. Муассаса раҳбари томонидан масъул шахс тайинланади ва у ҳақидаги маълумот хат тарзида сайтга юкланади. Ташкилотнинг расмий сайти ва масъул шахс учун очилган расмий электрон почта бўлиши лозим. (Намуна: www.lpa.gov.uz, a.khusanov@lpa.gov.uz )
4. Юқоридаги шартлар бажарилгач, IELTS бўйича масъул ташкилот сизга сайтдан фойдаланиш учун логин ва кириш кодини юборади.
Ушбу хизматлардан олий ўқув юртлари, нодавлат таълим муассасалари, давлат органлари ва хусусий ташкилотлари бепул фойдаланиши мумкин.
Тўғри, ҳозир кимнидир алдаб ёки билиб-билмай сохта сертификатларни ишлатаётганлар бордир, аммо вақти келиб мутасадди ташкилотлар томонидан барча ҳужжатлар текширилганда нафақат ҳар бир тўланган маблағ, шу билан бирга, суд орқали катта жарими ва бошқа жазо турлари қўлланилади.
Тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланаётган ва ўқитувчилар учун катта имкониятлар берилаётган бир вақтда, ваколатларни суиистеъмол қилмайлик. Ҳалоллик бўлса, ишимизга барака ва унум беради.
Азимжон Ҳусанов,
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директор ўринбосари