Қадринг баланд бўлсин, она тилим! (+видео)
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Ўзбек тили байрами куни шу эзгу ғоя остида Жиззах вилоятининг ҳар бир маҳалла ва қишлоқларида, мактабгача ва мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида, корхона, ташкилот ҳамда идораларида кенг ишонланмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан ушбу тарихий сана байрам куни деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни эса собиқ иттифоқ давридаёқ, яъни 1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилиниб, шу кундан эътиборан, ушбу тарихий ҳужжатга мувофиқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.
Жорий йилда бутун мамлакатимизда Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда ва шу кунга бағишланган тантаналар юртимизнинг ҳар бир гўшасида аллақачон бошлаб юборилгани халқимиз ўз она тилини нақадар ардоқлашидан далолат беради.
Давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналиб, она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани барчамизнинг қалбларимизда улкан фахр туйғусини уйғотади.
Вилоятнинг кўп миллатли олис Мирзачўл туманида ҳам қутлуғ байрамни кенг нишонлаш, байрамга бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, унда нафақат ўзбеклар, балки шу туманда истиқомат қилувчи қозоқ, тожик, рус, қирғиз ва бошқа миллат вакилларининг ҳам ўзбеклар билан бирга байрамни нишонлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Ўзбек тили байрами муносабати билан туман марказидаги Ўзбекистон шоҳ кўчасига ўзбек тилини улуғловчи ранг-баранг тарғибот материаллари жойлаштирилгани Гагарин шаҳарчаси кўркига янада кўрк ва ўзгача файз бағишлади.
Она тилимизга давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлиши муносабат билан туман ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, қозоқ, рус, тожик, қирғиз миллий- маданий марказлари, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
[gallery-19858]
Байрам тадбирида Мирзачўл тумани Болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари ижросида Туркистон ўлкаси мустақиллиги, , миллат маданияти учун курашда жонларини фидо қилган жадидчи боболаримизнинг ҳаётини акс эттирувчи саҳна кўриниши йиғилганларнинг диққат марказида бўлди.
Ўқувчи-ёшлар, туман маданият уйи қошидаги ҳамда миллий-маданий марказлар ҳаваскор санъаткорлари ижросида Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқалар қаламига мансуб ўзбек тилини, Ватанни, дўстликни, севги ва муҳаббатни, гўзал диёримизни мадҳ этиувчи шеър ва қўшиқлар, жозибали рақс ва дилларга ором бахш этувчи мусиқалар тадбир иштирокчиларга хуш кайфият ва байрамона руҳ бағишлади.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/9DQ8syAjyos" title="Qadring baland boʻlsin, ona tilim!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Давлат тили қабул қилинганлигининг 35 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, бадиий ва ижодий кечалар Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида қизғин давом этмоқда.
А.Қаюмов (сурат, видео), ЎзА мухбири