Қабул очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилади
Бухоро давлат университетида 2026/2027 ўқув йили қабул жараёнлари ҳамда касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирни университет ректори Обиджон Ҳамидов бошқарди. Университет ўқув-услубий департаменти бошлиғи Суҳроб Давлатов 2026/2027 ўқув йили учун қабул параметрлари, таълим йўналишлари, ҳужжатларни топшириш тартиби, шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш механизмлари юзасидан атрофлича маълумот берди. Қайд этилганидек, қабул жараёнлари рақамли технологиялар асосида, амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ҳамда очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилади.

Тадбирда абитуриентларга қулай шарт-шароитлар яратиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳар бир мурожаат ва саволга тезкор муносабат билдириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Журналистлар ва блогерлар қабул жараёнининг турли жиҳатлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил ва асосли жавоблар олдилар. Бу эса университетнинг очиқ мулоқот ва жамоатчилик билан ҳамкорликка тайёр эканини яна бир бор намоён этди.

Матбуот анжуманида фаол ҳамкорлик учун бир гуруҳ ОАВ ходимларига университет раҳбарияти номидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири